Олтинсой тумани ҳокими Мавлянов Отабек Рустамовичнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига ТАБРИГИ
2026-09-01 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Олтинсой тумани ҳокими Мавлянов Отабек Рустамовичнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига
ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Сиз, азизларни, кўп миллатли халқимизни бугунги улуғ айём, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим, эзгу тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.
Мустақиллик байрами барчамизга муборак бўлсин!
Қадрли дўстлар!
Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда ҳаммамиз миллий истиқлолимиз нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.
Ушбу йилда Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами мамлакатимиз бўйлаб “Ягона ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” эзгу шиори остида кенг нишонланмоқда.
Шундай қутлуғ кунда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимиз хотирасини миннатдорлик билан ёдга олишимиз табиий, албатта.
Улар – ўз халқини тараққиёт сари бошлаган жадид боболаримиз, миллий озодлик йўлида жон фидо этган улуғ аждодларимиздир. Улар – ғоят оғир шароитда ҳам миллий истиқлол ва ҳуррият ғояларига содиқ қолган қаҳрамонларимиздир. Бугун уларнинг эзгу ғоя ва тамойилларига таяниб, янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини яратмоқдамиз.
Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистон ғояси асосида бошлаган улкан ислоҳотларимиз туфайли мустақиллик берган ҳуқуқ ва эркинликларни ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида чуқур ҳис қилиб, бу имкониятлардан кенг фойдаланмоқда. Айнан ана шу улуғвор ғоя асосида биз уч минг йиллик бой тарих ва маданиятимизни қайтадан идрок етдик.
Муҳтарам Президентимиз бошчилигида юртимиз заминидаги Биринчи ва Иккинчи Ренессанс анʼаналарини ривожланиб, Учинчи Ренессанс сари дадил амалий қадамлар қўймоқдамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан қадамлар қўйилиб, бошлаган ҳар бир ишимиз, эришган ҳар бир ютуғимизда истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлмоқда. Ватанимиз дунёга, дунё эса юртимизга кенг очилмоқда. Минтақамиз ва бутун жаҳонда дўстларимиз, ҳамкорларимиз кўпаймоқда.
Барча ислоҳотларимизнинг руҳи ва мазмунига “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!” деган эзгу ғоя чуқур кириб бормоқда.
Бу борада туманимизда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида кўплаб бино-иншоотлар бунёд этилди.
Биргина 2026 йилда туманимизда 24 млрд 824 млн. маблағ эвазига туманда 4 та умумумтаълим мактаби ва 2 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари бинолари қуриб битказилди. Шунингдек, туманлаги 13- ва 43-мактаб бинолари мукаммал таъмирланди. Олмазор маҳалласида 23-мактаб ҳамда Овчи маҳалласида 26-мактаб ҳудудларида қўшимча ўқув бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шохча маҳалласида умумий қиймати 12 млрд сўмлик 330 ўринли
янги мактаб биноси тўлиқ қуриб битказилди.
Бундан ташқари, Бўстон маҳалласи ҳудудидаги Янги Ўзбекистон истироҳат боғи, туман марказида Ёшлар ва туризм кўчаси ҳамда Амир Темур кўчалари таъмирланиб, замонавий қиёфага келтирилди.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги Янгиқурилиш маҳалласида умумий лойиҳаси 5 млрд. сўм бўлган ёшлар сайилгоҳи ва савдо шохобчалари объектлари қурилди.
Бўстон маҳалласида умумий лойиҳаси 39 млрд.сўмлик 91 та хонадон қурилди. Шунингдек, туманимиздаги Оғир тоифадаги 10 та маҳаллада 30 млрд. сўмлик ҳамда “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги 2 та маҳаллада 10 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилиб, ҳозирги кунда мазкур маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилда туманимизда ҳудудий инвестиция лойиҳаси доирасида жами 16 лойиҳа амалга оширилиб, 380 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Жумладан Қоратепа маҳалласи ҳудудида “Машъал Ю.С.Н” корхонаси томонидан умумий лойиҳаси 80 млрд сўмлик Янги замонавий Эко бозор мажмуаси бунёд этилди.
Мазкур мажмуада ҳозирги кунда хизмат кўрсатиш шохобчалари, очиқ ва ёпиқ турдаги савдо объектлари, автураргоҳ ва вай-фай ҳудудлар ташкил этилиб, фуқароларимизга хизмат кўрсатмоқда.
Мингчинор маҳалласида “Олтинсой Бизнес Магнат” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 1 млн долларлик
6 гектар ер майдонда лимонариялар қурилиб, 80 нафар янги иш ўринлари яратилди.
2026 йилда туманимизда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 109,7 фоизга, хизматлар ҳажми 120 фоизга ҳамда инвестициялар ҳажми
178 фоизга ошди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам ушбу йилда пиллакорларимиз томонидан 157 тонна пилла етиштирилиб, йиллик белгиланган режани ортиғи билан бажаришди. Шунингдек, ғаллакор деҳқонларимиз ҳам ушбу йилги ғалла мавсумида 13 минг 733 тона ғалла етиштириб, режани ортиғи билан адо этишди.
Муҳтарам дўстлар!
Ушбу тадбирдан фойдаланиб, мен бугун туманимиздаги барча ёшларга мурожаат қилмоқчиман.
Қадрли ўғил-қизларим, мамлакатимиз истиқболи, барча эзгу ниятларимиз ижобатини биз аввало сизларнинг тимсолингизда кўрамиз. Келажакда турли соҳаларда улкан ютуқ ва зафарларга эришиб, юртимизни дунёга янада кенг тараннум этишингизни истаймиз.
Маррани баланд олинг, Сиз буюк ишларга қодирсиз!
Ҳамиша ўз кучингиз, қатъият ва салоҳиятингизга ишонинг!
Давлатимиз, халқимиз, Муҳтарам Президентимиз Сизларни доимо қўллаб-қувватлайди!
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун шиддатли ҳаётнинг ўзи барчамизни янада улкан марралар сари даъват этмоқда. Ўз кучимиз ва салоҳиятимиз билан барпо этган мустақил давлат, эркин ва озод жамиятни янада кучли, янада гўзал ва обод этиш бош вазифамизга айланмоқда.
Бу шундай юксак марраки, унга эришиш учун ҳар қанча меҳнат қилсак арзийди. Бу шундай буюк, шарафли мақсадки, унга бутун борлиғимизни бахш этсак арзийди.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, мана шундай эзгу ғоя атрофида бирлашиб, ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб келаётган, фидокорона меҳнати билан янги ҳаёт биносини барпо этаётган буюк халқимизга фарзандлик меҳри билан таъзим қиламан.
Сиз азизларни, бутун халқимизни мустақиллигимизнинг
35 йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
