КОМПЛЕКС РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ — БРИФИНГ МАРКАЗИДА
2026-06-24 12:05:00 / Матбуот анжуманлари

КОМПЛЕКС РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ — БРИФИНГ МАРКАЗИДА
Олтинсой туман ҳокимлигида бўлиб ўтган брифингда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Маҳмуджон Расулов Президентимиз томонидан қабул қилинган муҳим қарорлар ижроси доирасида туманда амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил ахборот берди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринлари яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–49-сонли қарори ҳамда 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва "mahalla"ларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–298-сонли қарори ижросини таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур қарорларда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани такомиллаштириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва замонавий хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Олтинсой тумани учун махсус “Комплекс ривожлантириш” дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унинг доирасида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
— Туманни оғир тоифадан чиқариш мақсадида республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 60 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шундан 50 миллиард сўм республика бюджетидан, 10 миллиард сўм эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига тўғри келади, — деди Маҳмуджон Расулов.
Шунингдек, тумандаги “Янгиқурилиш” ва “Мустақиллик 10 йиллиги” "mahalla"ларини замонавий қиёфага келтириш, аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини яратиш мақсадида ҳар бир "mahalla"га 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилгани қайд этилди.
Бундан ташқари, туманда амалга оширилаётган 2 та драйвер лойиҳа учун республика бюджетидан 7,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан йўл, электр энергияси, ичимлик суви ва бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Брифинг давомида қарорлар ижроси доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича эришилаётган натижалар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш ва иқтисодий фаолликни кучайтиришга қаратилган истиқболдаги вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Тадбир якунида журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар. Очиқ мулоқот руҳида кечган брифинг аҳолини қизиқтираётган долзарб масалалар юзасидан муҳим маълумотларни етказишга хизмат қилди.

