ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ЮТУҚЛАР ВА ИСТИҚБОЛДАГИ ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
2026-06-24 11:30:00 / Матбуот анжуманлари

ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ЮТУҚЛАР ВА ИСТИҚБОЛДАГИ ВАЗИФАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Бугун, 24 июнь куни Олтинсой туман ҳокимлиги мажлислар залида туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Ўрол Абдурасулов ташаббуси билан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Маҳмуджон Расулов ҳамда туман ҳокими ўринбосари Темур Чоршанбиев иштирокида брифинг ташкил этилди. Унда “Халқ ва ҳаёт” газетаси журналистлари ва блогерлар қатнашди.
Брифингнинг асосий мавзуси Олтинсой туманидаги умумтаълим мактабларида 2025–2026 ўқув йили давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланди.
Туман ҳокими ўринбосари Темур Чоршанбиев ўз ахборотида туманда 71 та умумтаълим мактаби фаолият юритаётганини таъкидлаб, бугунги кунда мазкур таълим муассасаларида 36 минг 82 нафар ўқувчи таҳсил олаётганини маълум қилди. Жорий ўқув йилида 3 минг 82 нафар ўқувчи 9-синфни, 7 минг 612 нафар ўқувчи эса 11-синфни муваффақиятли тамомлади. Битирувчилар орасида 49 нафар олтин медаль ва 3 нафар кумуш медаль соҳиби борлиги таълим сифати юксалиб бораётганининг ёрқин ифодаси сифатида қайд этилди.
Брифингда таълим жараёни самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бири — педагог кадрлар салоҳияти ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Хусусан, 2024–2025 ўқув йилида 296 нафарни ташкил этган олий тоифали ўқитувчилар сони 2025–2026 ўқув йилида 333 нафарга етган. Шунингдек, биринчи ва иккинчи тоифали ҳамда мутахассис ўқитувчилар сонида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган.
Ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг халқаро ҳамда миллий сертификатларга эга бўлиш кўрсаткичлари ҳам ижобий натижаларни намоён этмоқда. Айниқса, ўқитувчилар томонидан қўлга киритилган сертификатлар сонининг 680 тадан 1160 тагача ошгани соҳада олиб борилаётган тизимли ишлар самараси эканлиги таъкидланди.
Т. Чоршанбиев таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, ўқитувчилар малакасини юксалтириш ҳамда ўқувчиларнинг билим даражасини ошириш борасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилишини қайд этди.
Тадбир якунида журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди. Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган брифинг иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ҳамда таълим соҳасидаги мавжуд имкониятлар ва истиқболли режалар ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлиш имконини яратди.
