2026 йил 17 апрель кунидаги ЎРҚ-1130-сонли Қонун билан қонун ҳужжатларига қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди?
2026-06-04 12:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 17 апрель кунидаги ЎРҚ-1130-сонли Қонун билан қонун ҳужжатларига қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди?
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига болаларга нисбатан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ЖКнинг 129-модда иккинчи қисми диспозициясининг «ж» банди қуйидаги мазмундаги «ж» ва «з» бандлар билан алмаштирилсин:
«ж) жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ва (ёки) унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан, шунингдек жабрланувчига қараб туриш мажбуриятлари қонун билан зиммасига юклатилган таълим, тарбия, даволаш муассасасининг ёки бошқа муассасанинг ходими томонидан;
з) телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса»;
Жиноят кодекси қуйидаги мазмундаги 1291-модда билан тўлдирилди.
«1291-модда. Вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни сақлаш, тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш
Вояга етмаган шахс тавсифланганлиги ёки тасвирланганлиги айбдорга аён бўлган порнографик маҳсулотни тарқатиш мақсадида сақлаш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этиш, —
беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади»;
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси қуйидаги мазмундаги 662-модда билан тўлдирилди:
«662-модда. Вояга етмаган гувоҳнинг қонуний вакили
Гувоҳ вояга етмаган шахс бўлган ҳолларда, унинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун гувоҳнинг қонуний вакили ишда иштирок этишга жалб қилинади.
Ишда қонуний вакил сифатида ота-она, фарзандликка олган шахс, васийлар, ҳомийлар, васийлик ва ҳомийлик органининг вакиллари иштирок этиши мумкин. Вояга етмаган гувоҳнинг қонуний вакили ишда ўзи вакиллик қилаётган шахс билан бирга иштирок этади.
Қонуний вакилнинг ишда иштирок этишига йўл қўйилганлиги ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор қарор, суд эса ажрим чиқаради. Гувоҳнинг манфаатлари билан қонуний вакилнинг манфаатлари ўзаро мос келмаган тақдирда, қарор ёхуд ажрим билан бошқа қонуний вакил ёки адвокат жалб қилинади.
Вояга етмаган гувоҳнинг қонуний вакили ушбу Кодексда қонуний вакил учун назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади»;
Юқоридаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлашга, уларга нисбатан содир этилаётган ҳар қандай турдаги зўравонликларнинг олдини олишга самарали хизмат қилади.
Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман
судининг тергов судьяси И.Эргашев
