Ҳуқуқий нигилизм: мазмуни, сабаблари, турлари ва уни бартараф этиш йўллари
2026-05-14 14:45:00 / Пресс-релизлар

Ҳуқуқий нигилизм: мазмуни, сабаблари, турлари ва уни
бартараф этиш йўллари
Аксарият ҳуқуқий демократик давлатларнинг асосий мақсади — қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Жамиятда қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий онг қанчалик юқори бўлса, давлат тараққиёти ҳам шунчалик барқарор бўлади. Бироқ айрим ҳолатларда инсонлар ва ҳатто айрим давлат органлари томонидан қонунларга нисбатан бефарқлик, ишончсизлик ёки уларни менсимаслик ҳолатлари учрайди. Бу эса ҳуқуқий нигилизм деб аталади.
Ҳуқуқий нигилизм — жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатувчи муҳим ижтимоий-ҳуқуқий муаммолардан бири ҳисобланади. У қонун устуворлигига путур етказади, давлат ва жамият ўртасидаги ишончни сусайтиради ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Ҳуқуқий нигилизм — шахс, гуруҳ ёки жамиятнинг ҳуқуқ ва қонунларга нисбатан салбий муносабати, уларнинг аҳамиятини инкор этиши ёки менсимаслигидир. Бундай ҳолатда инсон қонунларни адолатли ва зарур деб ҳисобламайди, уларга амал қилишни муҳим деб билмайди. Ҳуқуқий нигилизм ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг паст даражаси билан чамбарчас боғлиқ.
Ҳуқуқий нигилизмнинг юзага келишига турли омиллар таъсир кўрсатади. Улардан асосий сабаблар қуйидагилардан иборат, яъни ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги, коррупсия ва адолатсизлик, қонунларнинг самарасиз ишлаши, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ва бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин.
Ҳуқуқий негилизм бир нечта турларга бўлинади, жумладан, оддий (маиший) ҳуқуқий нигилизм, назарий (илмий) ҳуқуқий нигилизм, гуруҳий ҳуқуқий нигилизм, индивидуал ҳуқуқий нигилизм, пассив ва актив ҳуқуқий нигилизм. Умуман олганда ҳуқуқий нигилизмнинг ҳар бир тури жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас.
Жамиятда ҳуқуқий нигилизмни камайтириш учун қуйидаги чораларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ, жумладан, 1.ҳуқуқий таълимни ривожлантириш - таълим муассасаларида ҳуқуқий фанларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш зарур. 2.Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш - аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. 3.Қонун устуворлигини таъминлаш - ҳар бир шахс қонун олдида тенг бўлиши ва ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муқаррар бўлиши лозим. Коррупсияга қарши самарали кураш - коррупсияни камайтириш жамиятнинг ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Жамият ва давлат тараққиётига хавф туғдирувчи салбий ижтимоий-ҳуқуқий ҳодисалардан бири бу -ҳуқуқий нигилизмдир. Уни бартараф этиш учун аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда адолатли давлат бошқарувини шакллантириш зарур. Фақат ҳуқуқий жиҳатдан етук жамиятдагина демократик ислоҳотлар самарали амалга оширилиши мумкин.
Олтинсой тумани адлия бўлими давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи И.Ибрагимов, бош мутахассис Р.Ашуров
