МУРОЖААТ
2026-04-27 11:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

🟦 МУРОЖААТ
Олтинсой тумани ҳокими Отабек Мавляновнинг туман аҳолисига мурожаати
Ассалому алайкум, ҳурматли ва қадри баланд тумандошлар!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларда туб ижобий ўзгаришларни таъминламоқда. Хусусан, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда коррупсияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Бугунги кунда коррупсияга қарши курашиш тизими янги босқичга кўтарилди. Давлат хизматларининг рақамлаштирилиши, “Очиқ буджет” тизимининг жорий этилиши, давлат харидларида шаффофликнинг таъминланиши ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимининг такомиллаштирилиши бу йўлдаги муҳим ислоҳотлардир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек:
“Коррупсияга қарши кураш — бу фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг, ҳар бир фуқаронинг бурчидир.”
ҲУРМАТЛИ ТУМАНДОШЛАР!
Олтинсой тумани ҳокимлиги тизимида коррупсияга қарши курашиш борасида муросасиз ва қатъий сиёсат амалга оширилмоқда. Барча ташкилот ва муассасаларда қонунийлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, шахсий манфаатни устун қўйиш ёки ноқонуний ҳаракатларга йўл қўйиш ҳолатларига нисбатан қонун доирасида энг қатъий чоралар кўрилади.
Ҳар бир раҳбар ва ходим ўз фаолиятида қуйидаги тамойилларга қатъий амал қилиши шарт:
* Ҳалоллик
* Виждон
* Масъулият
ҚАДРЛи ФУҚАРОЛАР!
Юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва фарзандларимиз келажаги ҳар биримиздан фаол фуқаролик позитсиясини талаб этади. Агар биз бирлашиб, коррупсияга қарши муросасиз муносабатда бўлсак, албатта катта ижобий натижаларга эришамиз.
Сизларни ҳар қандай қонунбузарлик ҳолатларига бефарқ бўлмасликка, жамиятда адолат ва шаффофликни таъминлашда фаол иштирок этишга чақираман.
Агар давлат органлари ёки мансабдор шахслар фаолиятида коррупсияга оид ҳолатларга дуч келсангиз, белгиланган тартибда мурожаат қилишингизни сўраймиз. Барча мурожаатлар қонун доирасида кўриб чиқилади ва махфийлиги кафолатланади.
Биргаликда ҳаракат қилсак — адолатли, шаффоф ва фаровон жамият барпо этишга албатта эришамиз!
Ҳурмат билан,
Олтинсой тумани ҳокими
Отабек Мавлянов
