Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳакамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги, шунингдек, кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш, иссиқлик таъминотидан фойдаланиш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларини кўрсатиш ҳамда улардан фойдаланиш юзасидан таъсирчан давлат назоратини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
- Қуйидагилар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясини (кейинги ўринларда — Инспекция) мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи сифатида шакллантириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш;
(б) жорий йил якунига қадар қурилиш, кўп квартирали уйларни бошқариш ҳамда ичимлик суви таъмиоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида назорат функцияларини тўлиқ рақамлаштириш;
(в) 2025-йил 1-июлга қадар хусусий сектор томонидан амалга ошириладиган назорат тизими механизмларини шакллантириш.
II. Назорат механизмларини такомиллаштириш
2. Белгилансинки, 2025-йил 1-майдан бошлаб:
(а) тадбиркор ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари (кейинги ўринларда — ҳудудий инспекциялар) ўртасида шартнома (оммавий оферта) тузилган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат қурилиш назорати тадбирлари шартнома шартлари доирасида амалга оширилади ва “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмайди;
(б) Инспекцияга кўп квартирали уйларни бошқариш ва сақлаш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг молиялаштириш манбаларидан қатъи назар молия-хўжалик фаолиятига аралашиш қатъиян тақиқланади.
- 2025-йил 1-сентябрдан бошлаб ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти жорий қилинсин. Бунда QR-кодли паспорт орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари (эскиз лойиҳалари) ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилсин.
- Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) кўп квартирали уйлардаги жойларни, шунингдек, ертўлаларни қайта қуриш ва қайта режалаштиришда шаҳарсозлик нормаларини бузган ҳолда кўп квартирали уйнинг конструктив қисмлари ва таянч деворларига ўзгартириш киритиш, бузиш ҳамда бинoning зилзилага бардошлилигига салбий таъсир қиладиган ишларни амалга ошириш тақиқланади;
(б) 2025-йил 1-июлдан бошлаб барча ичимлик суви таъмиоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизими объектларини мажбурий тарзда шартнома асосида технологик аудитдан ўтказиш тартиби жорий этилади. - 2025-йил 1-июлдан бошлаб:
(а) босқичма-босқич ҳудудий инспекцияларда Қурилиш объектларини онлайн кузатиш маркази ташкил этилсин;
(б) тажриба-синов тариқасида 2025-йилда Қашқадарё вилоятидаги Давлат бюджети маблағлари ҳисобига янгидан қуриладиган объектларга видеокамералар ўрнатилсин;
(в) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини амалга оширишда мобил видеокамералар (боди камера) ва махсус планшетлардан фойдаланилсин;
(г) мобил видеокамералар (боди камера), махсус планшетлар ва видеокамералардан олинган маълумотлар тўғридан-тўғри Қурилиш объектларини онлайн кузатиш марказига узатилсин;
(д) “Е-маъмурий иш” ахборот тизимида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўллашни кўриб чиқиш тартиби соддалаштирилсин. - 2025-йил 1-сентябрга қадар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг “Қурилишда давлат назорати” электрон платформасига қуйидаги маълумотлар интеграция қилинсин:
(а) Кадастр агентлигининг “UZKAD” кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизимидаги кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиш майдони ва унга туташ ер участкалари ҳамда хонадоннинг мулкдори, кадастр рақами ва кадастр чизмаси тўғрисидаги маълумотлар;
(б) “Ўзсувтаъминот” АЖнинг биллинг тизимидаги истеъмолчиларнинг манзили ва сони, сув ҳисоблагичлари кўрсаткичлари, сарфланган сув миқдори ва қарздорлик, оқова сувларни чиқариш, янги қамраб олинган истеъмолчилар тўғрисида ва бошқа маълумотлар.
III. Хусусий назорат тизими механизмларини шакллантириш
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ, 2025-йил 1-июлдан бошлаб:
(а) якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари юзасидан қурилиш назорати хусусий сектор томонидан олиб борилади (кейинги ўринларда — хусусий қурилиш назорати);
(б) хусусий қурилиш назорати архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти учун лицензияга эга бўлган ҳамда қурилиш объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти (кейинги ўринларда — лойиҳачи) томонидан шартнома асосида амалга оширилади;
(в) хусусий қурилиш назорати объектларида қурилиш (реконструкция ишлари) якунга етгандан сўнг лойиҳачи томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида хулоса шакллантирилади ва буюртмачига тақдим этилади;
(г) қурилиши (реконструкция ишлари) тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тегишли туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари (Тошкент шаҳрида — туман қурилиш бўлимлари) томонидан амалга оширилади;
(д) хусусий қурилиш назорати олиб борилмаганда ёки назоратни олиб борган лойиҳачининг ижобий хулосаси мавжуд бўлмаганда объектларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.
- Қуйидагилар хусусий қурилиш назорати объектлари ҳисоблансин:
(а) икки қаватдан юқори бўлмаган (соколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони (ёрдамчи хўжалик иморатларини ҳисобга олмаган ҳолда) 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;
(б) қурилиш ҳажми 300 метр кубдан ортиқ бўлмаган нотурар бино ва иншоотлар ҳамда енгил турдаги (конструксияли) қурилмалар.
IV. Институционал ислоҳотлар
9. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилсин.
- Қуйидагилар:
(а) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси фаолиятининг устувор йўналишлари 1-иловага мувофиқ;
(б) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. - Белгилансинки:
(а) Инспекция қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
(б) Инспекция бевосита Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдордир;
(в) Инспекция бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, унинг ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод қилинади;
(г) ҳудудий инспекциялар ходимлари сони назоратга олинган объектларнинг умумий сонидан, ҳажмидан ва масофасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. - Инспекция тузилмасида 2 та бошқарув ходими штат бирлигидан иборат бўлган комплаенс назорат хизмати ташкил этилсин ва ҳудудий инспекциялар тузилмасига комплаенс назорат бўйича мутахассис лавозими киритилсин. Бунда Инспекциянинг комплаенс назорат хизмати ва ҳудудий инспекцияларнинг комплаенс назорат бўйича мутахассислари бевосита Инспекция бошлиғига бўйсунади.
- Ҳудудий инспекциялар фаолиятини ташкил этиш, назорат қилиш ва уларга умумий раҳбарлик қилиш вертикал бошқарув тизими асосида Инспекция томонидан амалга оширилади. Бунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан Инспекция ва ҳудудий инспекциялар ходимлари зиммасига уларнинг ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш тақиқланади.
V. Давлат назорат тизимини молиялаштириш
14. Инспекция фаолияти Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари, назоратга олинган объектлар бўйича ундириладиган ажратмалар ва қўлланадиган жарималар, хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар, бюджетдан ташқари тегишли жамғармалар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилсин.
- Давлат қурилиш назорати амалга оширилиши шарт бўлган барча объектлар бўйича ҳудудий инспекцияларга ажратмалар қуйидаги тартибда тақсимланади:
(а) 5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига йўналтирилади;
(б) 5 фоизи — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади;
(в) 10 фоизи — Инспекциянинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади;
(г) 80 фоизи — ҳудудий инспекциялар ихтиёрида қолдирилади. - Инспекция ва ҳудудий инспекциялар томонидан ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларини бузганлик учун айбдор шахслардан ундириладиган жарималар қуйидаги тартибда тақсимланади:
(а) 20 фоизи — Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади;
(б) 20 фоизи — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади;
(в) 60 фоизи — Инспекциянинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади. - Ҳудудий инспекцияларнинг шаҳарсозлик соҳасида кўрсатадиган хизматлари ва бажарадиган ишларидан олинган даромадлар қуйидаги тартибда тақсимланади:
(а) 15 фоизи — Инспекциянинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади;
(б) 85 фоизи — ҳудудий инспекцияларнинг ихтиёрида қолдирилади. - Инспекциянинг бюджетдан ташқари маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланишга рухсат берилсин:
(а) Инспекция ва ҳудудий инспекцияларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
(б) Инспекция ва ҳудудий инспекцияларнинг жорий ва бошқа харажатларини молиялаштириш;
(в) Инспекция ва ҳудудий инспекцияларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш;
(г) Инспекция ва ҳудудий инспекцияларнинг раҳбарлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, хорижий давлатлар билан тажриба алмашиш.
VI. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
19. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
20. Инспекция (С. Эшқувватов) 2025-йил декабрга қадар:
(а) ҳудудий инспекциялар ходимлари ротацияси тизимини жорий этсин;
(б) хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиб, ҳудудий инспекция ходимларини хорижга қисқа муддатли тажриба алмашиш, стажировка ўташга юбориш амалиётини йўлга қўйсин;
(в) Инспекциянинг ташкил этилаётган таркибий бўлинмаларини юкланган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдирсин.
21. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Хидоятов), Инспекция (С. Эшқувватов) уч ой муддатда қуйидагилар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин:
(а) ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ва ноқонуний қурилган объектлар эгаларига нисбатан тегишли чоралар белгилаш;
(б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони (Ж. Урунов) ва Савдо-саноат палатаси (Д. Вахабов) билан биргаликда Инспекция томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида текширишлар тартибини соддалаштириш, хабардор қилиш ва “хавфни таҳлил қилиш” тизимини такомиллаштириш.
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
23. Инспекция (С. Эшқувватов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда Инспекция фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ҳамда қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
24. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини амалга оширишда кўрилаётган чора-тадбирлар моҳиятини аҳоли ва кенг жамоатчиликка тушунарли тарзда етказиш ишларини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Дюрабоев) Инспекция (С. Эшқувватов) билан биргаликда:
(а) мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган кўрсатувлар, лавҳалар, видеороликлар ва эшиттиришлар тайёрласин;
(б) ишлаб чиқилган медиамаҳсулотлар Миллий телерадиокомпаниянинг барча теле- ва радиоканалларида тизимли равишда эфирга узатилишини таъминласин.
25. Мазкур Фармоннинг мақсадларига эришиш доирасида қуйидагилар масъул этиб белгилансин:
(а) Бош вазир ўринбосари А.Ж. Раматов — ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун масъул вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштирсин, ҳар ойда бажарилган ишлар тўғрисида уларнинг раҳбарлари ҳисоботларини қабул қилсин ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этсин;
(б) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.С. Хидоятов — хусусий қурилиш назорати тизими механизмларини жорий этсин, қурилиш объектларининг хавф-хатар тоифаларини қайта кўриб чиқсин, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини такомиллаштириш ва соҳада рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этсин;
(в) Инспекция бошлиғи С.Қ. Эшқувватов — давлат қурилиш назоратининг такомиллашган янги тартибини жорий этиш, Инспекция ва ҳудудий инспекциялар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини босқичма-босқич татбиқ қилиш бўйича ишлар сифатли ташкил этилишини, шунингдек, ушбу Фармонни амалга ошириш давомида юзага келадиган жорий масалалар тезкорлик билан ҳал этилишини таъминласин.
26. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025-йил 14-апрель,
ПФ-66-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 14-апрелдаги ПФ-66-сон Фармонига 1-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси фаолиятининг устувор йўналишлари
- Барча турдаги қурилиш-монтаж ишлари (автомобиль йўллари ва йўл сунъий иншоотлари бундан мустасно) ҳамда қурилиш ишлари тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш.
- Объектларда уларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи сифати паст қурилиш материаллари ва буюмлари қўлланишининг олдини олиш.
- Объектларда буюртмачининг техник назорати, лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати тизими ишлаши устидан давлат назоратини амалга ошириш.
- Кўп квартирали уйларни бошқариш, уларга туташ ер участкаларини сақлаш ва улардан фойдаланишда техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда мулкдорлар томонидан жойларни ўзбошимчалик билан қайта қурилишига ва қайта режалаштирилишига йўл қўймаслик.
- Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ва жойлар мулкдорлари томонидан иссиқлик таъминотидан фойдаланишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш.
- Ичимлик сувини ишлаб чиқариш, етказиб бериш, реализация қилиш, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, оқова сувларни чиқариб юбориш ва тозалаш бўйича хизмат кўрсатиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш.
- Ичимлик сувини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ерости сувлари қудуқларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланиш шартларига ҳамда қазишнинг (бург‘илашнинг) белгиланган қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш.
- Истеъмолчиларнинг ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар билан қамраб олиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш.
- Соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, давлат назоратини тўлиқ рақамлаштиришни таъминлаш.
Мазкур иловада назарда тутилган Инспекция фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича давлат назорати соҳадаги махсус ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
