Жиззах вилояти ҳудудида ёқилғи ва газ қуйиш шохобчалари фаолияти юзасидан Республика ишчи гуруҳи томонидан тизимли ўрганиш ва таҳлил ишлари амалга оширилди.
2025-08-06 14:30:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йилдаги 473-Ф-сонли фармойиши ижросини таъминлаш доирасида Жиззах вилояти ҳудудида ёқилғи ва газ қуйиш шохобчалари фаолияти юзасидан Республика ишчи гуруҳи томонидан тизимли ўрганиш ва таҳлил ишлари амалга оширилди.
Ўрганишлар жараёнида мавжуд шохобчаларда ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси, шаҳарсозлик қоидалари ҳамда меъёрий-техник талабларга риоя этилиши ҳолати ҳар томонлама таҳлил қилинди. Шунингдек, барча объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилди.
Таҳлиллар натижасига кўра, Республика ишчи гуруҳи раҳбари бошчилигида Жиззах вилоятида танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилиб, унда шохобчалар фаолиятида аниқланган камчиликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда келгусида юзага келтириши мумкин бўлган салбий оқибатлар муҳокама қилинди.
Хатлов натижаларига кўра, жами 16 та шохобчанинг (шундан 6 та АГҚШ – пропан, 7 та АЁҚШ – бензин, 3 та АГТКШ – метан) фаолияти хавфсизлик ва бошқа техник талабларга жавоб бермаганлиги сабабли вақтинча тўхтатилди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда ҳуқуқий чоралар кўрилди ва мазкур шохобчаларда фаолият камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилди.
Йиғилиш якунида масъул идоралар, шунингдек, бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларига соҳадаги назоратни кучайтириш, профилактик тадбирларни мунтазам йўлга қўйиш, шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.







