Шаҳарсозлик қоидаларига риоя этиш — бунёдкорлик сифатининг асоси
2026-11-05 10:30:00 / Янгиликлар
Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ишчи гуруҳи томонидан Бекобод шаҳридаги қурилиш-монтаж ишларининг ҳолати, шунингдек, коммунал соҳа доирасида кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар давомида айрим қурилиш объектларида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари талабларига зид равишда ишлар олиб борилаётгани, шунингдек, айрим фуқаролар томонидан кўп квартирали уйларнинг ташқи кўринишига ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилгани аниқланди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан масъулларга қонунбузилиш ҳолатларини белгиланган муддатларда бартараф этиш, қурилиш-монтаж ишларини фақат тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида амалга ошириш ҳамда қурилиш майдонларида санитария талабларига риоя этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, кўп квартирали уйлардан белгиланган тартибда фойдаланиш, умумий мол-мулкка эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга оширмаслик зарурлиги тушунтирилди. Акс ҳолда, бундай ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Тошкент вилояти ҳудудий инспекцияси масъуллари томонидан қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлаш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган назорат тадбирлари мунтазам давом эттирилади.






