МУРОЖААТДАН ЕЧИМГАЧА: САЙЁР ҚАБУЛЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
2026-11-05 11:30:00 / Янгиликлар
Қашқадарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси раҳбарияти томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида сайёр қабуллар мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда.
Мазкур қабулларнинг асосий мақсади фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини бевосита жойида ўрганиш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, шунингдек, қурилиш ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги мавжуд масалаларни атрофлича муҳокама қилишдан иборат.
Хусусан, Ғузор, Шаҳрисабз ва Миришкор туманларининг олис ва чекка ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказилиб, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда маҳаллий аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Учрашувлар давомида фуқаролар томонидан билдирилган таклиф ва муаммолар тингланиб, жами 40 дан ортиқ мурожаат белгиланган тартибда ўрганилди. Кўтарилган масалалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, уларнинг қонуний ечимини таъминлаш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берилди.
Таъкидлаш жоизки, сайёр қабуллар аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда фуқаролар ва давлат органлари ўртасида очиқ мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.








