КАМЧИЛИКЛАР КЕСKИН ТАНҚИД ҚИЛИНДИ, МАСЪУЛИЯТСИЗ РАҲБАР ВА ХОДИМЛАРГА НИСБАТАН ҚАТЪИЙ ЧОРАЛАР КЎРИЛДИ
2026-10-26 14:05:00 / Янгиликлар
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясида Инспекция раҳбари раислигида 2026 йилнинг 9 ойлик фаолият якунларига бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув хизматлари соҳаларида амалга оширилган давлат назорати натижалари таҳлил қилиниб, тизимдаги муаммо ва камчиликлар танқидий муҳокама этилди. Назорат самарадорлигини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва ҳудудий инспекциялар масъулиятини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йилнинг 9 ойи давомида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан 28 минг 708 та қурилиш объекти давлат назоратига олиниб, уларда 301 минг 272 маротаба назорат-мониторинг тадбирлари ўтказилди.
Аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида 215 мингдан ортиқ мажбурий ёзма кўрсатма берилди. Кўрсатмалар ижроси белгиланган муддатларда таъминланмаган ҳолатлар бўйича 2 мингдан ортиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қурилиш нормалари бузилиши билан боғлиқ 3 минг 166 та қоидабузарлик буздириш ишлари орқали бартараф этилди.
Шунингдек, муаллифлик ва техник назорат талабларини бузганлик учун тегишли чоралар кўриш юзасидан 348 та, сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмларидан фойдаланиш ҳолатлари бўйича эса 1 минг 650 та тақдимнома киритилди.
Кўп квартирали уй-жой фондининг техник ҳолатини ўрганиш доирасида 23 минг 121 та уй кўздан кечирилиб, қарийб 6 мингта қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Ичимлик суви ва оқова сув тармоқларидан қонуний фойдаланиш устидан ўтказилган назорат тадбирларида 5 мингга яқин қоидабузарлик ҳолати аниқланди. Жумладан, 4 минг 53 та ичимлик суви, 542 та оқова сув тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда 545 та ҳолатда сув ҳисоблагичлари тамғаларининг бузилганлиги қайд этилди. Натижада сув таъминоти ташкилотлари фойдасига 27,4 миллиард сўм қўшимча тўлов ҳисобланди.
Ҳайъат йиғилишида айрим ҳудудий инспекцияларда давлат назоратини ташкил этиш, мурожаатлар билан ишлаш, қурилиш иштирокчилари фаолиятини назорат қилиш ҳамда коммунал хизматлар соҳасида қонунчилик талаблари ижросини таъминлаш борасидаги жиддий камчиликлар кескин танқид қилинди.
Хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани ва назорат ишларини талаб даражасида ташкил этмагани учун айрим ҳудудий инспекция ходимлари ўз вазифасидан озод этилди. Шунингдек, жиддий камчиликларга йўл қўйган бир қатор ҳудудий инспекциялар бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Йиғилиш якунида давлат назорати самарадорлигини ошириш, қурилиш объектларида қонунбузилишларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, кўп квартирали уйларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, коммунал тармоқлардан қонуний фойдаланишни таъминлаш, рақамли назорат механизмларини кенг жорий этиш ҳамда масъул ташкилотлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича Ҳайъат қарори қабул қилинди.
Ҳудудий инспекциялар раҳбарларига топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлаш, назорат тадбирлари натижадорлигини ошириш ва шахсий масъулиятни кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди. Давлат назоратида сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйганликка нисбатан муросасиз ёндашув давом эттирилади.










