Қурилиш майдонларида мониторинг тадбирлари изчил давом эттирилмоқда
2026-07-16 09:55:00 / Янгиликлар
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудларда барпо этилаётган қурилиш объектларида амалдаги қурилиш меъёрлари, шаҳарсозлик нормалари ва лойиҳа талабларига риоя этилиши юзасидан режали мониторинг тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.
Жумладан, Нукус шаҳрининг "Шимбай шайхана" маҳалласида қурилаётган 12-сонли умумтаълим мактаби биносида олиб борилаётган қурилиш ишлари атрофлича ўрганилди.
Мониторинг жараёнида объектда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқлиги, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилаётгани, қўлланилаётган қурилиш материалларининг сифати ҳамда бажарилаётган ишлар белгиланган техник талаблар асосида амалга оширилаётгани текширилди.
Шунингдек, мониторинг давомида аниқланган қоидабузарликлар юзасидан қурилиш жараёни учун масъул шахсларга белгиланган тартибда бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда ёзма кўрсатмалар ижросини таъминлаш Инспекция томонидан назоратга олинди.









