Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг янги маъмурий биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
2026-06-17 14:30:00 / Янгиликлар
Маросимда дастлаб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари сўзга чиқиб, янги бино инспекция ходимлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда қурилиш ва коммунал соҳасида давлат назоратини сифатли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят прокуратураси, Ички ишлар бошқармаси вакиллари, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъул ходимлари ҳамда нуронийлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар мазкур янги маъмурий бинонинг фойдаланишга топширилиши ҳудудда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги назорат ишларини янада такомиллаштиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Шунингдек, инспекция олдида турган асосий вазифалар, қурилиш ва коммунал соҳасида қонунийликни таъминлаш, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда иш жараёнлари самарадорлигини ошириш, шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан тизимли ва шаффоф тарзда ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, янги маъмурий бино замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилган бўлиб, барча зарур стандарт ва талабларга тўлиқ мувофиқ ҳолда жиҳозланган. Бинода ходимлар учун қулай ва самарали меҳнат муҳити яратилган, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган хизмат хоналари, фуқароларни қабул қилиш учун алоҳида қабул заллари ҳамда иш жараёнларини юқори даражада ташкил этиш имкониятлари мавжуд.
Маросим доирасида бинога рамзий тарзда бағишланган махсус тасмани кесиш маросими ўтказилиб, янги бинонинг фаолиятга расман топширилгани тантанали тарзда қайд этилди.
Шунингдек, тадбир давомида мазкур объектни барпо этган қурувчи ташкилот раҳбарига ҳамда ҳудудий инспекция фаолияти ва ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ ходимларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.










