ЯНГИ БИНО — ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР
2026-04-30 14:25:00 / Янгиликлар
Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг янги маъмурий биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда дастлаб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбари сўзга чиқиб, янги бино инспекция ходимлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиши, фаолият самарадорлигини ошириши ҳамда қурилиш ва коммунал соҳасида давлат назоратини сифатли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шундан сўнг Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари сўзга чиқиб, амалга оширилаётган ишлар ва янги бинонинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, инспекция олдида турган асосий вазифалар, қурилиш ва коммунал соҳасида қонунийликни таъминлаш, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда иш жараёнлари самарадорлигини ошириш, шунингдек фуқаролар мурожаатлари билан тизимли ва шаффоф тарзда ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, янги маъмурий бино замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилган бўлиб, барча зарур стандарт ва талабларга тўлиқ мувофиқ ҳолда жиҳозланган. Бинода ходимлар учун қулай ва самарали иш муҳити яратилган, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган хизмат хоналари, фуқароларни қабул қилиш учун алоҳида қабул заллари ҳамда иш жараёнларини юқори даражада ташкил этиш имкониятлари мавжуд.
Маросим доирасида бинога рамзий тарзда бағишланган махсус тасма (лентани) кесиш маросими ўтказилиб, янги бинонинг фаолиятга расман топширилгани тантанали тарзда қайд этилди.
Шунингдек, тадбир давомида мазкур объектни барпо этган қурувчи ташкилот раҳбари ҳамда фаол инспекция ходимлари соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.








