ҚУРИЛИШ ВА КОММУНАЛ СОҲАДА РАҚАМЛАШТИРИШ ВА ИЛҒОР ТАЖРИБА АЛМАШИНУВИ
2026-04-16 14:10:00 / Янгиликлар
Бугун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси раҳбарияти ҳамда Қирғизистон Республикаси Қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Давлат архитектура-қурилиш назорати департаменти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида қурилиш жараёнларини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, соҳада илғор тажрибалар алмашиш, назорат тадбирларини самарали ташкил этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини кенг жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Шу билан бирга, делегация вакилларига соҳада амалга оширилаётган рақамлаштириш ишлари, жумладан, онлайн кузатиш марказлари фаолияти, уларнинг ишлаш тизими, қурилиш объектларини реал вақт режимида мониторинг қилиш имкониятлари ҳамда назорат жараёнларини тезкор ва шаффоф амалга оширишдаги аҳамияти батафсил таништирилди.
Шунингдек, инспекторлар томонидан амалга оширилаётган назорат тадбирларининг босқичма-босқич рақамлаштирилаётгани, шу билан бирга инспекция ходимларининг барчаси бодй камералар билан таъминлангани қайд этилди.
Мазкур тизим орқали қурилиш жараёнлари устидан доимий мониторинг юритилиши, шаффофлик ва тезкорлик таъминланаётгани алоҳида таъкидланди.
Томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор ахборот технологияларини жорий этиш, қурилиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш ҳамда сифат ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.










