Замонавий таълим макони сари: янги ўқув биносида назорат ишлари
2025-12-22 10:05:00 / Янгиликлар
Бугун барпо этилаётган янги ўқув биносининг ҳар бир жиҳати сифат ва хавфсизлик талаблари асосида амалга оширилиши замонавий таълим маконини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудлардаги қурилиш объектлари устидан изчил ва тизимли назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Навбатдаги ўрганишлар Навоий шаҳрида бунёд этилаётган Навоий давлат университетининг янги ўқув биносида ўтказилди. Назорат жараёнида қурилиш ишларининг амалдаги ҳолати, фойдаланилаётган қурилиш материалларининг сифати, шунингдек, бажарилаётган ишлар лойиҳа ҳужжатлари ҳамда белгиланган меъёрий талабларга мувофиқлиги атрофлича кўздан кечирилди.
Ўрганиш якунларига кўра, пудрат ташкилотига қурилиш ишларини тасдиқланган лойиҳа асосида, сифат ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя этган ҳолда олиб бориш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Қайд этиш жоизки, шаҳарсозлик меъёрларига тўлиқ амал қилинган ҳолда бажарилган қурилиш ишлари талаба-ёшлар учун хавфсиз, қулай ва замонавий таълим муҳитини яратишга хизмат қилади.
Ҳудудларда қурилиш объектлари устидан назорат тадбирлари белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.







