Қурилиш объектларида сифат ва хавфсизлик назорати кучайтирилмоқда
2025-12-19 11:30:00 / Янгиликлар
Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудларда олиб борилаётган назорат тадбирлари доирасида қурилиш объектларида бажарилаётган ишларнинг сифати, лойиҳа талабларига мувофиқлиги, шунингдек, хавфсизлик ва экологик талабларга риоя этилиши мунтазам равишда ўрганилмоқда.
Навбатдаги назорат тадбирлари Тойлоқ тумани “Боғичинор” маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган 9 қаватли турар жой биносида ўтказилиб, бир қатор қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, объектда юритилиши шарт бўлган ижро журналларининг “nazorat.mc.uz” электрон платформаси орқали ўз вақтида мониторинг қилинмаганлиги, шунингдек, техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя этилмаётгани маълум бўлди.
Шу билан бирга, объект ҳудудида ички йўллар ва автотураргоҳлар барпо этилиши белгиланган айрим участкаларда замин ишлари етарли даражада мустаҳкамланмасдан бетон қуйиш ишлари бошлангани аниқланди.
Аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мақсадида қурилишнинг масъул шахсларига бажарилиши шарт бўлган ёзма кўрсатмалар берилди. Мазкур кўрсатмалар белгиланган муддатларда бажарилмаган тақдирда, маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, қонунчиликда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилиши юзасидан огоҳлантирилди.




