Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси халқаро ҳамкорлик доирасида қатор хорижий давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамламоқда
2025-11-24 17:30:00 / Янгиликлар
Хабар бериб келаётганимиздек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан халқаро ҳамкорлик доирасида қатор хорижий давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш, назорат тизимларини такомиллаштириш, соҳада замонавий ёндашувларни йўлга қўйиш, ходимлар малакасини ошириш ва амалиёт дастурларини жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бугун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Хитой Халқ Республикасида жойлашган Цинхуа университети ҳузуридаги "Beijing GS Technology Co.,Ltd." компанияси вакилларини қабул қилди
“Beijing GS Technology Co., Ltd.” компанияси — қурилиш соҳасида назорат ва мониторингни амалга оширишга мўлжалланган илғор рақамли платформалар, сенсор технологиялари, сунъий интеллект асосидаги ускуналар, хавфсизлик тизимлари ҳамда интеллектуал мониторинг ечимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Хитойнинг етакчи технологик компанияларидан бири ҳисобланади.
Учрашув давомида томонлар қурилиш жараёнларида хавфсизлик ва сифат назоратини рақамлаштириш, бино ва иншоотларни мониторинг ва назорат қилишда қўлланилаётган янги авлод технологияларини жорий этиш, ичимлик суви сифати устидан назоратни кучайтириш ҳамда сунъий интеллектга асосланган техник ечимларни амалиётга татбиқ этиш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, иштирокчиларга Инспекциянинг фаолият йўналишлари, жорий этилаётган рақамли тизимлар, амалий назорат тажрибалари ва назорат тадбирлари давомида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил тақдимот намойиш этилди. Тақдимот давомида назорат инфратузилмасини ривожлантириш, мониторинг жараёнларини автоматлаштириш, халқаро стандартлар асосида қоидабузарликларни аниқлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, учрашув доирасида инспекция фаолиятида замонавий назорат механизмларини жорий этиш, қурилиш объектларида мониторинг самарадорлигини ошириш, ходимларнинг малака ва кўникмаларини халқаро тажриба асосида ошириш, хорижий мутахассислар билан ўқув-семинарлар ташкил этиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.






