Наманганда учинчи анъанавий Академиклар ва ёшлар конгресси ўтказилди
2025-05-27 17:00:00 / Янгиликлар

Ушбу тадбир «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида, илм-фан ва ишлаб чиқаришни янада яқинлаштириш, илмий ва инновацион инфратузилмаларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Наманган муҳандислик-технологиялар институти ташаббуси билан ўтказилган мазкур анжуманда Ўзбекистон ва қўшни Республикаларнинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, академиклар, профессорлар ҳамда 200 нафардан зиёд илмий тадқиқотчи ва тўрт мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да бўлиб ўтаётган тадбирда Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отаходжаев қатнашди. У ўз сўзида таълим ва илм-фан соҳаларига давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор бугунги кунда амалий натижалар бераётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, тадқиқотчи устозлар ва ёшларга ўзининг эзгу тилакларини билдирди.
Конгресс давомида академиклар ва профессорлар илмий маърузалар билан қатнашдилар. Улар ўз соҳаларидаги илмий ютуқлар, муаммо ва истиқболли йўналишлар ҳақида сўз юритдилар. Тадбир якунида академик Шавкат Аюпов маърузаларни юқори баҳолади ҳамда бу каби анжуманларни келгусида ҳам давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Мазкур конгресс – илм-фан тараққиётида ёшларнинг ўрни ниҳоятда муҳим эканини яна бир бор намоён этди. Ушбу анжуман ёш авлоднинг илмга бўлган қизиқишини ошириш, тажрибали олимлар билан мулоқот қилиш имконини яратиб, уларнинг келгусидаги илмий фаолиятига мустаҳкам замин яратди.
Конгресс ишида фаол иштирок этган бир қатор академик, олим ва ёшларга шаҳар ҳокими Анваржон Отаходжаев томонидан конгресс рамзий эсдалик совғалари топширилди.
Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.









