Наманганда 64-халқаро “Гуллар фестивали” доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ишбилармонлари ўртасида илк бизнес форуми бўлиб ўтди
2025-05-26 14:00:00 / Янгиликлар

Тадбир икки мамлакат давлат мадҳияларининг ижроси билан тантанали равишда очилди. Анжуманда Наманган вилоятининг иқтисодий салоҳияти, минтақанинг инвестиция ва экспорт имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Форумда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразақов, Қирғизистон Республикаси Президентининг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили Тилек Текебаев, шунингдек, Ўш вилоятидаги мухтор вакили ўринбосари Илияз Ташбаев сўзга чиқиб, бундай тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлаб ўтишди.
Форум доирасида инвестиция, тадбиркорлик ва экспорт йўналишларидаги мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, келгусидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди. Мутахассислар томонидан тайёрланган маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Анжуман давомида икки халқ дўстлигини акс эттирувчи севимли куй қўшиқлар янгради, тадбиркорлар эса “B2B” форматида бевосита музокаралар ўтказиш имкониятига эга бўлдилар.
Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.









