Наманганда Халқаро гуллар фестивали доирасида тиббиёт форум ўтказилади
2025-04-11 14:15:00 / Янгиликлар

Наманган шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими Анваржон Отаходжаев ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддиновлар Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси туризм ва маданият координатори Саиджон Очилов бошчилигида тиббиёт соҳаси вакилларини қабул қилишди. Учрашувда Наманганда тиббиёт туризмини ривожлантириш, хусусан болалар неврохирургияси йўналишида амалга оширилаётган операцияларни халқаро миқёсда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Саиджон Очилов ўз сўзида Наманганда тиббиёт туризмини янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, болалар неврохирургияси бўйича халқаро конференция ташкил этиш таклифини билдирди. Ушбу форум доирасида Германиянинг "Gannover" университети профессори, дунёнинг энг етакчи неврохиррургларидан бири Зафар Чиннибулак иштирокида болалар ва катталар неврохирургияси бўйича ўқув дастурлари ва жаррохлик амалиётлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Мулоқот давомида Ботиржон Нуриддинов давлатимиз раҳбари томонларидан тиббиёт туризмини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, тиббиёт соҳасида халқаро обрў-эътибор қозонган туркиялик мутахассис Эсра Сунар ҳам Наманганда амалга оширилаётган Паркинсон касаллиги, болалар церебрал фалажи (ДЦП) ва генетик хасталикларни даволашда қўлланаётган янги методлар орқали Наманган тиббиётини жаҳонга танитиш имконияти яратилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, у Ибн Сино меросидан илҳомланиб, тиббиёт туризм маданиятини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишини билдирди.
Мазкур форум нафақат тиббиёт соҳасидаги илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки Наманганни халқаро тиббиёт туризмининг янги марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.









