Ҳар бир шаҳарнинг экологик ҳолати аҳолининг саломатлиги ва турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатади.
2025-04-09 14:25:00 / Янгиликлар

Бугун, шаҳар ҳокими Анваржон Отаходжаев, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Шухрат Максумов ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда шаҳарнинг санитария ҳолати ва чиқиндилар билан боғлиқ мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда, айниқса, шаҳар кўчаларида ва аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда пайдо бўлаётган ноқонуний чиқиндихоналар экологик мувозанатга таҳдид солаётгани таъкидланди.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида Қодир Отамирзаев кўчасидаги кўприк остида жойлашган ноқонуний чиқиндихона олиб ташланиб, ўрнига замонавий талабларга жавоб берадиган, автомобил йўлидан чеккада жойлашган махсус чиқинди ташлаш майдончаси ташкил этилиши режалаштирилди. Бундай майдонлар шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Бу ташаббуслар орқали чиқиндиларни назоратли равишда жамлаш ва олиб чиқиб кетиш, уларни қайта ишлаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда аҳолининг экологик онгини юксалтириш кўзда тутилган.
Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.






