Муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлар!
2026-10-01 07:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Устоз — миллат тафаккури, жамият маънавияти ва давлат келажагини шакллантирадиган буюк касб эгасидир. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг энг муҳим мақсадларидан бири ҳам билимли, мустақил фикрлайдиган, Ватанга садоқатли ва замонавий дунёқарашга эга авлодни тарбиялашдир. Бу улкан вазифанинг марказида, шубҳасиз, фидойи ўқитувчи ва мураббийлар турибди.
Наманган шаҳрининг бугунги тараққиёти, эртанги салоҳияти ҳам таълим ва тарбия сифатига чамбарчас боғлиқ. Фарзандларимизнинг ҳар бир ютуғи, мактабларимиздаги ҳар бир натижа, жамиятимиздаги ҳар бир ижобий ўзгариш ортида ўз касбига садоқат билан меҳнат қилаётган устозларнинг заҳмати бор.
Айниқса, бугунги глобаллашув даврида ёш авлодга шунчаки билим беришнинг ўзи етарли эмас. Уларни юрт тақдирига дахлдорлик, миллий қадриятларга ҳурмат, қонунларга итоат, бунёдкорлик ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш — барчамиз олдидаги муҳим вазифадир. Бу борада Сизларнинг масъулиятингиз ҳам, жамият олдидаги ўрнингиз ҳам беқиёс.
Шаҳар ҳокимлиги номидан Сизларнинг шарафли ва масъулиятли фаолиятингизни юксак қадрлаймиз. Сизларнинг муносиб меҳнат қилишингиз, замонавий билим ва тажрибангизни ёш авлодга етказишингиз учун зарур шарт-шароитларни яратиш, таълим сифатини ошириш ва устозларнинг жамиятдаги нуфузини янада юксалтиришни доимо устувор вазифа сифатида кўрамиз.
Азиз устозлар!
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, куч-ғайрат ва касбий фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Ҳар бир берган сабоғингиз, тарбиялаган шогирдингиз ва қилган эзгу меҳнатингиз халқимиз равнақи ҳамда юртимиз келажагига хизмат қилсин.
Байрамингиз муборак бўлсин, қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!
Ҳурмат билан,
Наманган шаҳар ҳокими
Аюбхон Камалов
