Наманганда оқова сув тизимини модернизация қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади
2026-07-07 16:00:00 / Янгиликлар

Тақдимот давомида "Наманган сув таъминоти" АЖ директори томонидан лойиҳа доирасида амалга ошириладиган қурилиш ишлари, кутилаётган натижалар ҳамда унинг ҳудуд экологияси ва аҳолининг турмуш сифатини яхшилашдаги аҳамияти юзасидан батафсил маълумот берилди.
Мазкур лойиҳа қиймати 96 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида суткасига 100 минг куб метр қувватга эга замонавий оқова сувларни тозалаш иншооти, 1 та оқова сув насос станцияси ҳамда 7,5 километр ташлама оқова сув тармоғи барпо этилиши режалаштирилган.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманлари, шунингдек Тўрақўрғон, Косонсой, Наманган, Уйчи, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари аҳолиси учун оқова сув хизматлари сифати сезиларли даражада яхшиланади. Натижада 245 минг нафардан ортиқ аҳоли замонавий оқова сув хизматлари билан қамраб олинади.
Тақдимотда лойиҳа доирасида оқова сувларни биологик тозалаш бўйича дунёдаги илғор "Нереда" технологияси жорий этилиши алоҳида таъкидланди. Мазкур технология атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, экологик ва санитария-эпидемиологик вазиятни янада яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, 1964 йилда фойдаланишга топширилган мавжуд оқова сувларни тозалаш иншоотининг бугунги ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Лойиҳа қуввати суткасига 100 минг куб метр бўлишига қарамай, иншоот бугунги кунда амалда 45–70 минг куб метр ҳажмда фаолият юритмоқда. Шу боис уни замонавий талабларга мос равишда реконструкция қилиш долзарб вазифалардан бири экани қайд этилди.
Тақдимот якунида вилоят ҳокими лойиҳа юзасидан тегишли топшириқ ва тавсиялар берди.




