Наманган вилояти ҳокими "Курашхона" сув тозалаш ва узатиш иншоотида амалга оширилаётган ишлар билан танишди
2026-07-07 14:35:00 / Янгиликлар

Вилоят раҳбарига ўтказилган тақдимотда "Наманган сув таъминоти" АЖ директори томонидан халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бугунги ҳолати, бажарилган ишлар ва навбатдаги вазифалар ҳақида ахборот берилди.
Қайд этилганидек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида қиймати 16,9 миллион АҚШ доллари бўлган "Курашхона" сув иншоотини реконструкция қилиш лойиҳаси изчил амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 9 та замонавий насос агрегати, суткасига 100 минг куб метр қувватга эга сувни тиндириш ва фильтрлаш иншооти, реагент хўжалиги, диспетчерлик ва марказий лаборатория биноси барпо этилмоқда. Шунингдек, 2 та 5 минг куб метрлик ҳамда 1 та 10 минг куб метрлик тоза сув резервуари реконструкция қилинмоқда.
Мазкур лойиҳа якунлангач, "Курашхона" сув иншоотининг сув тозалаш қуввати суткасига 38 минг куб метрдан 100 минг куб метргача ошади. Натижада, сувнинг лойқалиги 2500 мг/литр бўлган ҳолатларда ҳам уни сифатли тозалаш имконияти яратилади ҳамда 600 минг нафар аҳоли узлуксиз ва сифатли ичимлик суви билан таъминланади.
Шунингдек, вилоят ҳокимига бошқа йирик лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги умумий қиймати 74,6 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида 106 та маҳалладаги 650 минг нафар аҳолининг ичимлик суви, Поп туманидаги 10 та маҳаллада истиқомат қилувчи 35 минг нафар аҳолининг оқава сув хизмати яхшиланади. Лойиҳа натижасида электр энергияси сарфи 7 фоизга, сув йўқотишлари 9 фоизга ва эксплуатация ҳаражатлари 11 фоизга камайиши кутилмоқда.
Тақдимот якунида вилоят ҳокими қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш, халқаро стандартларни тўлиқ таъминлаш ҳамда аҳолини сифатли ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.






