"Talaba Expo – 2026": Ёшлар бандлиги ва келажаги сари муҳим қадам
2026-06-11 11:25:00 / Янгиликлар

Ярмарканинг расмий очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари, Наманган шаҳар ҳокими ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар. Тадбир аввалида вилоят раҳбарининг ярмарка қатнашчилари ва ёшларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Мазкур меҳнат ярмаркаси ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш, талабалар ва иш берувчилар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда битирувчиларнинг меҳнат бозорига интеграциясини жадаллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тадбир давомида “Talaba Expo” лойиҳасини юқори савияда ташкил этиш ва унинг фаолиятини қўллаб-қувватлашда яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётгани учун Наманган вилояти ҳокимлигига Ўзбекистон Миллий банкининг махсус статуеткаси топширилди.
“Talaba Expo – 2026” меҳнат ярмаркаси ёшларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни замонавий меҳнат бозори талаблари билан яқиндан таништириш ҳамда келажакдаги муваффақиятлари учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қиладиган муҳим майдон сифатида эътироф этилди.
Наманган шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати









