Наманганда янги 24/7 сервис кўчаси: замонавий инфратузилма ва тадбиркорлик учун янги босқич
2026-05-04 18:05:00 / Янгиликлар

Шаҳримизнинг энг гавжум нуқталаридан бири — Лутфий, Усмон Носир ва Банк кўчалари кесишган ҳудуднинг қарийб 2 километрлик қисмида бунёд этилаётган замонавий хизмат кўрсатиш кўчаси якуний босқичга етиб, фаолият бошлаш арафасига келди. Ушбу лойиҳа шаҳар инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, аҳолига қулай ва узлуксиз хизмат кўрсатиш тизимини яратишга хизмат қилади.
Мазкур ҳудуд “Zamin dizayn” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган замонавий лойиҳа асосида шакллантирилиб, “Big family” МЧЖ пудратчилари томонидан кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилди. Айни пайтда ишлар якунланиш арафасида бўлиб, обектлар ташқи ва ички безак ишлари билан тўлиқ таъминланмоқда.
“Зарбдор тажрибаси” асосида ташкил этилаётган ушбу сервис ҳудудида 24/7 режимида фаолият юритувчи 20 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари жойлашади. Эътиборлиси, мазкур обектлар “К-савдо” электрон платформаси орқали харид қилган тадбиркорлар томонидан бунёд этилиб, бу эса очиқлик ва замонавий бошқарув ёндашувининг амалий ифодасига айланди.
Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан бевосита танишиб, қурилиш сифати ва муддатларига алоҳида эътибор қаратди. Ўрганиш жараёнида аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш, ишларни белгиланган стандартлар асосида якунлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Мазкур лойиҳа нафақат шаҳар кўринишини янада жозибадор қилади, балки янги иш ўринлари яратиш, хизматлар сифатини ошириш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантиришга мустаҳкам замин яратади.






