“Йил аёли – 2025” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди
2025-11-01 12:30:00 / Янгиликлар

Тантанали тадбир Шарқшунослик университети биносида ташкил этилди. Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги фармони ҳамда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 27 апрелдаги қарорига мувофиқ тасдиқланган Миллий дастур доирасида ўтказилди.
Тадбир аввалида Миробод тумани ҳокимининг ўринбосари Феруза Мадаминова иштирокчиларга мурожаат этиб, шундай деди:
"Бугун хотин-қизлар жамиятнинг барча жабҳаларида — иқтисодиётда, сиёсатда, фан ва маданиятда фаол иштирок этмоқда. Аёллар — кучли жамоатчилик салоҳиятига эга таъсирли кучга айланди. Энди ушбу салоҳиятни Миробод туманининг барқарор тараққиёти йўлида тўлақонли ишга солиш вақти келди".
Танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширган 17 нафар аёл қуйидаги уч босқичда ўз маҳоратларини намойиш этди:
1️⃣ Ўзини таништириш;
2️⃣ Савол ва жавоб;
3️⃣ “Замонавий ўзбек аёли” мавзусида видеоролик намойиши.
Иштирокчилар 11 та номинация бўйича беллашдилар:
- "Йилнинг энг ватанпарвар аёли"
- "Йилнинг энг фаол олима аёли"
- "Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли"
- "Йилнинг энг яхши ижодкор аёли"
- "Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли"
- "Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси"
- "Йилнинг энг яхши уй бекаси"
- "Йилнинг энг жонкуяр устози"
- "Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси"
- "Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори"
- "Йилнинг энг яхши IT-дизайнер аёли"
Танлов ғолиблари 4 ноябр куни эълон қилинади. Ғолиблар танловнинг ноябр ойи иккинчи ярмида бўлиб ўтадиган шаҳар босқичига йўлланма олади.









