Тезкорлик, таҳлил ва креативлик: матбуот хизматлари олдидаги вазифалар муҳокама қилинди
2025-10-09 13:05:00 / Янгиликлар

"Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг матбуот хизматлари раҳбарлари, шунингдек, соҳа бўйича мутахассислар ва экспертлар иштирок этмоқда", - деб хабар қилади Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Семинар доирасида ахборот сиёсати ва коммуникация жараёнларини самарали ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, фейк хабарлар ва ахборот хуружларига қарши туриш, инқирозли коммуникацияни ташкил этиш ҳамда замонавий ПР технологиялари, рақамли медиа ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, сифатли контент яратиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
"Тадбир очилишида иштирокчиларга мурожаат қилар эканман, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар матбуот котибларининг мақоми ва масъулиятини сезиларли даражада оширгани, фаолияти учун кенг имкониятлар яратганини таъкидладим.
Шу билан бирга, соҳада ҳали тизимли камчиликлар сақланиб қолаётганини, ишда етарли даражада тезкорлик, таҳлилий ёндашув ва креативлик етишмаётганини қайд этдим.
Оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорликда ишлаш, ҳар қандай вазиятда уларнинг саволларига очиқ бўлиш ва ўз вақтида уларга жавоб қайтариш биринчи даражадаги вазифа бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидладим.
Ҳамкасбларимни фаол ва ташаббускор бўлишга, доимий равишда билим ва кўникмаларини ошириб боришга, масъулият, огоҳлик ва юқори профессионалликни намоён этишга, замонавий технологиялар асосида ва оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришга чақирдим.
Ишончим комилки, бу ўқув-амалий семинар ахборот хизматлари раҳбарлари учун тажриба алмашиш, малака ошириш ва фаолиятни янги босқичга кўтаришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади".
