Ихчамлик — тўй маданиятининг асоси
2025-10-03 12:05:00 / Янгиликлар

Миробод туманида тўй ва маросимларни исрофгарчиликсиз, камтарона ўтказиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Исроф ва дабдаба эмас, камтарлик ва ихчамлик билан, яъни меъёр асосида ўтадиган тўйлар орқали соғлом ижтимоий муҳит яратиш мақсадида туман депутатлари, оила ва хотин-қизлар, адлия, ФҲДЁ, ИИОФМБ ҳамда туман маънавият бўлимлари ҳамкорлигида манзилли саъй-ҳаракатлар бошланди.
Нуронийлар, фаол хотин-қизлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокидаги мулоқотларда исрофгарчиликнинг оқибатлари, шукроналикда ҳаёт кечириш фазилатлари, ва самимий тўй анъаналари кенг тарғиб этилмоқда.
Тумандаги кафе ва ресторанлар маъмурлари билан ҳамкорликда соғлом урф-одатларга мос хизмат кўрсатиш, маросимларда миллий қадриятлар устувор бўлишини таъминлаш бўйича ҳам мулоқотлар олиб борилмоқда.
Тўй — кимўзар мусобақаси эмас, барака ва дуоларга сабаб бўладиган эзгу маросимдир. Самимийлик – тўйнинг руҳи, ихчамлик – унинг зийнати.
Ушбу ташаббус фақат исрофгарчиликнинг олдини олибгина қолмай, балки жамиятдаги маънавий поклик, ҳамжиҳатлик ва миллий қадриятларни янада мустаҳкамлайди.

