Миробод туманида 85-сонли мактабгача таълим ташкилоти капитал таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди
2025-09-19 17:05:00 / Янгиликлар

1971-йилда қурилган ва йиллар давомида таъмирга муҳтож ҳолга келган ушбу муассаса тўлиқ янгиланиб, замонавий таълим талабларига мос ҳолда қайта жиҳозланди. 360 нафар бола учун мўлжалланган муассасада капитал таъмирлаш ишлари “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси томонидан амалга оширилиб, лойиҳа умумий қиймати 3 млрдд сўмни ташкил этди.
Тантанали маросимда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, Миробод тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов, ҳоким ўринбосари Саидрасул Саидханов, туман ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат солиқ хизмати ва таълим муассасалари раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда фаол жамоатчилик ва нуронийлар иштирок этдилар.
Миробод тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов ўз сўзида таълимга қаратилаётган эътибор — Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим устуни эканини таъкидлади:
“Ҳар бир бола муносиб таълим ва тарбия олиши учун хавфсиз, замонавий муҳит яратиш — биз маҳаллий ҳокимиятлар олдида турган устувор вазифадир. 85-сонли мактабгача таълим ташкилотининг янгиланиши фақат бино қурилиши эмас, балки келажак авлод учун пойдевор яратишга қаратилган амалий қадамдир.”
Таълим муассасасида гуруҳ хоналари, ошхона, санитария талабларига жавоб берадиган ҳожатхоналар ва ёзги майдончалар тўлиқ янгиланиб, болалар учун инновацион ўқув-ўйин муҳити яратилди.
Маросим доирасида педагогик жамоа ва ота-оналар томонидан таълим-тарбия жараёни сифатининг яхшиланиши, болалар учун қулай ва илғор шароитлар яратилгани юзасидан ижобий фикрлар билдирилди.






