“Хавфсиз оила” тадбирлари доирасида Мирободда манзилли ёрдамлар кўрсатилмоқда
2025-08-27 10:25:00 / Янгиликлар

Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шаҳноза Султанова ҳамда Миробод тумани ҳокимининг ўринбосари Феруза Мадаминова тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар реестрига киритилган оилалар ҳолатини ўрганиш, уларнинг яшаш шароити, фарзандлари таълими ва соғлиғи бўйича аниқ маълумотларга эга бўлиш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрдилар.
Ушбу учрашувлар давомида оилаларнинг кундалик муаммолари, таълим, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминлаш ва бошқа соҳалардаги эҳтиёжлари юзасидан фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Ижтимоий ҳимоя тизимидаги мавжуд имкониятлар ва давлат томонидан кўрсатилаётган имтиёзлар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг фарзандлари учун 2025-2026 ўқув йили олдидан катта қувонч улашувчи тадбир ўтказилди. Уларга махсус тайёрланган мактаб ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди. Бу эса нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам катта қўллаб-қувватлаш бўлди.
Тадбир иштирокчилари томонидан қайд этилганидек, бу каби ташриф ва мулоқотлар нафақат муаммоларни аниқлаш, балки уларни жойида ҳал қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, жамиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундай ишлар Миробод туманида тизимли равишда олиб борилаётган бўлиб, ҳар бир оиланинг турмуш сифатини яхшилаш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб шарт-шароит яратиш йўлида амалий натижаларни бермоқда.







