РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-07-27 16:55:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда "Лолазор" маҳалласи ҳудудида гўёки яшил ҳудуд кесиб ташлангани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мазкур мурожаатлар келиб тушиши билан Миробод тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов ҳамда туман прокурори Бобур Абдуллайев ҳолатни ўрганиш мақсадида зудлик билан воқеа жойига чиқиб, ҳудудни кўздан кечирди ҳамда аҳоли билан мулоқот қилди.
Ўрганишлар давомида мазкур ҳудудда амалга оширилган ишлар режали ободонлаштириш тадбирлари экани аниқланди. Ҳудуд узоқ вақт давомида қаровсиз қолган бўлиб, дарахт ва буталар тартибсиз ўсиб кетган, бу эса ҳудуддан самарали фойдаланиш ва уни сақлашга қийинчилик туғдирган.
Шу муносабат билан ҳудудда санитар тозалаш ишлари амалга оширилди, эски тўсиқлар олиб ташланди, дарахт ва буталарга шакл бериш (формовка) ишлари бажарилди, шунингдек, қуриб қолган ҳамда тартибсиз ўсган ўсимликлар тозаланди. Барча ишлар якунланганидан сўнг ҳудуд ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди.
Жойида ўтказилган учрашув давомида туман ҳокими аҳолининг фикр ва таклифларини тинглаб, уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди. Шунингдек, Миробод туманида яшил ҳудудларни асраш ва уларнинг майдонини янада кенгайтириш ҳокимлик фаолиятининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.
Миробод тумани ҳокимлиги аҳоли билан доимий мулоқотга очиқ. Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид ҳар бир мурожаат масъуллар томонидан албатта ўрганилиб, зарурат туғилганда жойига чиққан ҳолда кўриб чиқилади.
Азиз тумандошлар! Сизнинг фаол фуқаролик позициянгиз, туманимиз тақдири ва экологик муҳитга бефарқ бўлмаганингиз учун самимий миннатдорчилик билдирамиз. Миробод туманини янада обод, кўкаламзор ва яшаш учун қулай ҳудудга айлантириш йўлидаги ишларимизда аҳоли билан ҳамкорлик биз учун муҳим аҳамиятга эга.
