Тарас Шевченко кўчасини замонавий туристик масканга айлантириш ишлари 3-босқичга ўтди
2026-07-13 16:20:00 / Янгиликлар

Лойиҳа доирасида Тарас Шевченко кўчасида 24/7 режимида фаолият юритувчи гастрономик ва кўнгилочар ҳудуд барпо этиш, аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун замонавий инфратузилма ҳамда қулай муҳит яратиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Айни пайтда лойиҳанинг 3-босқич қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланди. Хусусан, ишлар Тарас Шевченко ва Фидокор кўчалари кесишмасидан Тарас Шевченко ва Шаҳрисабз кўчалари кесишмасигача бўлган қарийб 400 метрлик ҳудудни қамраб олган.
Ҳозирда белгиланган режа асосида:
🔹 демонтаж ишлари олиб борилмоқда;
🔹 бетонлаш ишларини бошлаш учун тайёргарлик жараёнлари амалга оширилмоқда.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар яратилади, хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланади, янги иш ўринлари ташкил этилади ҳамда пойтахтнинг туристик салоҳияти янада ошади.
Қурилиш-таъмирлаш ишларини жорий йил якунига қадар якунлаш режалаштирилган.









