Миробод тумани ҳокими ва прокурори 294-мактабда ёшлар билан учрашдилар
2026-05-07 18:10:00 / Янгиликлар

Суҳбат давомида мамлакатимизда давлат раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва замонавий билим олиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.
“Бугун Янги Ўзбекистонда сиз ёшлар учун сифатли таълим олиш, замонавий касб эгаллаш ва келажакда муваффақиятли фаолият юритиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. Ҳар бирингиз ўз қизиқишингиз ва интилишингизга мос йўлни танлаш имкониятига эгасиз. Энг муҳими — билимли, изланувчан ва мақсадли бўлишдир. Ана шунда сиз нафақат муносиб ва юқори даромадли ишга эга бўласиз, балки жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб етишасизлар”, — дея таъкидлади туман ҳокими.
Шунингдек, битирувчиларнинг бугунданоқ ўз олдиларига аниқ мақсад қўйиб, келажак касбини танлашга жиддий ёндашаётгани мамнуният билан қайд этилди.
“Мен сизларни бахтли, билимли ва ўз ҳаётида муваффақиятга эришган инсонлар сифатида кўришни истайман. Бу — барчамизнинг меҳнатимиз самарасидир”, — дея таъкидлади Анвар Сайфутдинов.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқотда ёшларнинг орзу-интилишлари, келажак режалари, касб танлови ҳамда таълим соҳасидаги мақсадлари ҳақида фикр алмашилди.
Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олиб, ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш йўлида муҳим тавсия ва мотивatsiяларга эга бўлишди.
Учрашув давомида бугунги кунда бутун дунё диққат марказида бўлган сунъий интеллект ва IT соҳаси мавзуларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўқувчиларнинг аксарияти келажагини IT соҳаси билан боғлашни режалаштираётганини билдиришди. Шу муносабат билан ҳоким ёшларга промт-инжиниринг асосларини пухта эгаллаш, замонавий технологиялар ва рақамли кўникмаларни чуқур ўрганиш бўйича муҳим тавсиялар берди.
“Замонавий таълимнинг асосий вазифаси — фақат билим бериш эмас, балки ўқувчиларни келажакда рақобатбардош қиладиган амалий кўникмалар билан қуроллантиришдир. Келажак технологиялари аллақачон ҳаётимизга кириб келган. Бизнинг вазифамиз — сизларни уларнинг оддий фойдаланувчиси эмас, балки яратувчиси ва эгасига айлантиришдир”, — дея хулоса қилди туман ҳокими.
Учрашув якунида хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириб, халқаро тил сертификатларини қўлга киритган бир гуруҳ иқтидорли ўқувчилар муносиб тақдирланди.
Уларнинг эришган ютуқлари эътироф этилиб, келгусидаги ўқиш ва фаолиятларида улкан зафарлар тилаб қолинди.









