Миробод туманида ягона дизайн-код жорий этилмоқда
2026-05-05 15:10:00 / Янгиликлар

Бугун, 5 май куни, Миробод тумани ҳокимлигида туманда ягона дизайн-кодни жорий этиш ва уни самарали амалга ошириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган учрашув ўтказилди.
Тадбир туман ҳокими Анвар Сайфутдинов раҳбарлигида бўлиб ўтди. Унда “Toshkent Invest Kompaniyasi” АЖ раҳбарияти ва масъул мутахассислари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, қурилиш, архитектура, коммуникация, экология, кўкаламзорлаштириш ва кадастр органлари ҳамда Савдо-саноат палатаси ва бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувга Фарғона йўли, Нукус, КХАЙ ва Ислом Каримов кўчаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳам таклиф этилди. Ҳозирда ушбу ҳудудларда дизайн-код босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Ягона дизайн-код — шаҳар муҳитини яхлит ривожлантириш омили
Йиғилиш давомида туман ҳокими дизайн-код концепциясининг мазмун-моҳияти, унинг асосий мақсадлари ҳамда шаҳар муҳитини тартибли, замонавий ва эстетик жиҳатдан уйғун ҳолатга келтиришдаги аҳамиятини батафсил тушунтирди.
Мутахассислар томонидан бинолар фасадлари, ташқи реклама воситалари, пешлавҳаларни жойлаштириш ва жамоат маконларини замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ташкил этиш бўйича аниқ меъёр ва талаблар тақдим этилди.
Ҳуқуқий асослар ва босқичма-босқич жорий этиш
Учрашувда дизайн-кодни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари, уни амалга ошириш босқичлари, шунингдек тарихий ва мавжуд шаҳар муҳитини сақлаб қолиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, ушбу тизимнинг асосий мақсади — пойтахтда ягона архитектура ёндашувини шакллантириш ва шаҳар қиёфасини замонавий стандартлар асосида ривожлантиришдан иборат.
Очиқ мулоқот: тадбиркорларга тушунтириш ишлари
Йиғилишда ташқи реклама ва фасад элементларини тартибга солиш жараёнида юзага келаётган савол ва тушунмовчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Toshkent Invest Kompaniyasi” АЖ мутахассислари иштирокида тадбиркорларга барча жараёнлар қадамма-қадам тушунтириб берилди:
- ҳужжатларни топшириш тартиби
- ариза тўлдириш жараёни
- ташқи реклама ўлчамлари ва техник талаблар
- рухсатнома олиш босқичлари
- масъул идораларга мурожаат қилиш тартиби
- фасад, витрина ва кириш гуруҳларига қўйиладиган талаблар
- пешлавҳа ва манзил белгиларини жойлаштириш қоидалари
- ободонлаштириш стандартлари
- тарихий муҳит ва меъморий меросни сақлаш ёндашувлари
- жамоат маконларидан фойдаланиш имкониятлари
Шунингдек, тадбир давомида тадбиркорларга услубий қўлланмалар тақдим этилди ва “дизайн-код паспорти” олиш учун ҳужжат топширган тадбиркорга жойида амалий ёрдам кўрсатилди.
Тадбиркорлар фикри
Иштирокчилар учрашувни очиқ, тушунарли ва амалий аҳамиятга эга мулоқот сифатида баҳоладилар. Улар барча жараёнлар шаффоф тушунтирилгани ва кўплаб саволларга аниқ жавоб олинганини таъкидладилар.
Миробод туманидаги ушбу учрашув давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим амалий қадам бўлди.
Таъкидланишича, дизайн-кодни жорий этиш ишлари босқичма-босқич давом эттирилади ва ҳар бир ҳудудда тадбиркорлар иштирокида тушунтириш учрашувлари ташкил этиб борилади. Бу эса пойтахтда замонавий, тартибли ва эстетик жиҳатдан уйғун шаҳар муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Тошкент шаҳар дизайн-коди ҳақида
Тошкент шаҳрининг дизайн-коди “Citymakers International” ва “Toshkent Invest Kompaniyasi” ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.
Ҳужжат пойтахтда ягона, қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилган бўлиб, бинолар ва жамоат жойлари ташқи кўриниши учун аниқ ва тушунарли қоидаларни белгилайди.
“Citymakers International” компанияси Москва, Санкт-Петербург, Қозоғистон, Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ давлатларида шундай лойиҳаларни амалга ошириш бўйича халқаро тажрибага эга. Бу эса Тошкент шароитига энг илғор халқаро ва минтақавий амалиётларни мослаштириш имконини берди.
