М.В. Ломоносов номидаги МДУ Тошкент филиали 20 ёшда: илм-фан, тажриба ва мулоқот майдони
2026-03-28 11:30:00 / Янгиликлар

Мазкур университетда тафаккури кенг, дунёқараши юксак, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишни мақсад қилган талаба-ёшларга замон талаблари асосида билим бериш, уларнинг изланиш ва тадқиқот олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда олий таълим тизимига қаратилаётган эътибор ҳам айнан билимли ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 февралдаги 290-сонли қарори асосида ташкил этилган мазкур филиал дастлаб “Амалий математика ва информатика” ҳамда “Психология” йўналишлари бўйича ҳар йили 80 нафар талабани қабул қилган бўлса, бугунги кунда амалий математика ва информатика, психология, менежмент, филология, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар, шунингдек педагогик таълим йўналишларида бакалавриат ва магистратура босқичларида 1000 нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда.
2025–2026 ўқув йилидан бошлаб янги “Сиёсатшунослик” мутахассислиги бўйича магистратура йўналиши очилиб, унга 21 нафар талаба қабул қилинди. Бу эса таълим йўналишлари янада кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Филиалда таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Профессор-ўқитувчилар таркибининг салмоқли қисмини М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетидан ташриф буюрувчи малакали мутахассислар ташкил этади ва ўқув жараёни университетнинг таълим стандартлари асосида йўлга қўйилган.
Юбилей тадбирлари доирасида Россия Федерацияси давлат ва жамоат арбоби Владимир Иванович Якунин иштирокида магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашув давомида В.И.Якунин ўзининг давлат бошқаруви, халқаро муносабатлар ва ижтимоий фаолият соҳасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди, ёшларни изланишдан тўхтамасликка ва глобал фикрлашга чақирди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Шунингдек, тадбирлар доирасида долзарб мавзуларга бағишланган илмий-амалий конференция ҳам ташкил этилиб, унда профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этди. Мазкур анжуман илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, илмий фикр алмашиш ҳамда янги ғояларни илгари суришда муҳим аҳамият касб этди.
Ўтган 20 йил давомида 1500 нафардан зиёд битирувчилар МДУнинг бакалаврлик ва магистрлик дипломларини қўлга киритдилар. Филиал фаолиятига доимий эътибор қаратиб келаётган МДУ ректори, академик Виктор Садовничий бир неча бор ташриф буюриб, олийгоҳда яратилган шарт-шароитлар ва илмий-ўқув жараёнлари билан танишган.
Юбилей муносабати билан университетда, шунингдек, "Наврўз" сайли ҳам кўтаринки руҳда нишонланди. Анъанавий ош пиширилиб, меҳмонлар учун байрамона дастурхон ёзилди. Миллий қўшиқ ва рақслар, маданий чиқишлар байрамга янада файз бағишлади.
Шубҳасиз, олийгоҳда амалга оширилаётган илмий, ўқув ва маънавий ишлар юксак самарадорликка хизмат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, мақсад сари интилаётган ёшлар камолотига мустаҳкам замин яратмоқда.









