“Энг яхши ижтимоий лойиҳалар” танловининг Миробод туман босқичи ўтказилмоқда
2026-02-25 12:45:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида”ги 17-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Саҳоват ва кўмак” жамғармалари маблағлари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 462-сонли қарорига асосан Миробод туманида яшовчи хотин-қизларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Енг яхши ижтимоий лойиҳалар” танлови ташкил этилган эди.
Танлов мақсади хотин-қизлар орасида тадбиркорлик, спорт, санъат ва маданий фаолиятни ривожлантириш орқали уларнинг иқтисодий мустақиллигини оширишдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, шу кунгача, танловнинг маҳалла босқичида “маҳалла еттилиги” томонидан сараланган лойиҳалар баённома билан расмийлаштирилиб, хотин-қизлар фаоли томонидан туман ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ф.Мадаминова раҳбарлигидаги комиссияга тақдим этилди.
Хусусан, бугун, 25-феврал куни, мазкур комиссия аъзолари томонидан лойиҳалар белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилмоқда. Энг яхши, барча мезонларга жавоб берадиган лойиҳалар туман босқичида ғолиб деб топилади.
Танлов ғолиблари рўйхати 8-март – Хотин-қизлар куни арафасида Миробод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинади.
Танлов жараёнида лойиҳаларни саралаш ва баҳолаш тизими қатъий мезонларга асосланган бўлиб, ҳар бир лойиҳа ресурслар, жамоатчилик манфаатлари, долзарблик ва ижодий ёндашув нуқтаи назаридан баҳоланади.
Шу тариқа, танлов нафақат энг яхши ғояларни аниқлашга, балки маҳаллалар даражасида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва улар учун барқарор иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.








