“Аёллар дафтари” 7-босқич хатлов ишлари бошланмоқда
2026-02-09 10:25:00 / Янгиликлар

Жамиятда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш ва иқтисодий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Президентимиз ташаббуслари билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими бугунга келиб ўз самарадорлигини амалда исботлаб келмоқда.
2026-йил 10 февраль санасидан туманимизда “Аёллар дафтари”нинг еттинчи босқич жараёни бошланади. Ушбу босқич доирасида маҳаллаларда кўмакка муҳтож хотин-қизларни аниқлаш ва рўйхатга олиш мақсадида кенг қамровли хатлов ишлари амалга оширилади.
Олтинчи босқич: рақамлар ва амалий натижалар
2025-йил давомида “Аёллар дафтари”нинг олтинчи босқичига киритилган 5 467 нафар хотин-қизлар билан манзилли ишлар олиб борилди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу аёлларнинг барчасига аниқ эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Хусусан, амалга оширилган ишлар доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга:
- “Аёллар дафтари” жамғармасидан — 2 млрд 951,9 млн сўм,
- ҳомийлик маблағлари ҳисобидан — 277,7 млн сўм,
яъни жами 3 млрд 229,6 млн сўм сарфланди.
1-тоифа: ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланди
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар сифатида рўйхатга олинган 1 393 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Жумладан:
- 71 нафар хотин-қиз расман ишга жойлаштирилди,
- 810 нафар ўзини ўзи банд қилишга йўналтирилди,
- 512 нафар касб-ҳунарга ўқитилди.
Бу кўрсаткичлар хотин-қизларни фақат моддий қўллаб-қувватлаш эмас, балки уларнинг узоқ муддатли иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилганини кўрсатади.
2-тоифа: тадбиркорликка қадам
Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 6 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга АТБ “Халқ банки” Миробод туман филиали томонидан 136 млн сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Ушбу маблағлар:
- 3 та тикувчилик,
- 1 та косметология,
- 2 та ишлаб чиқариш йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга хизмат қилди.
3-тоифа: боқувчисиз қолган аёллар қўллаб-қувватланди
Боқувчиси бўлмаган 1 162 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача бўлган бир марталик моддий ёрдам ажратилди.
Жами:
- “Аёллар дафтари” жамғармасидан — 967,0 млн сўм,
- ҳомийлик асосида — 89,6 млн сўм,
яъни 1 млрд 056,6 млн сўм маблағ йўналтирилди.
4-тоифа: саломатлик — устувор масала
Ижтимоий ёрдамга муҳтож, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий муолажага эҳтиёж сезган 2 644 нафар хотин-қизга бир марталик моддий ёрдам берилди ва улар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ушбу тоифа учун ажратилган моддий ёрдамнинг умумий миқдори 1 млрд 909,5 млн сўмни ташкил этди (шундан 157,6 млн сўм ҳомийлик маблағлари).
Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан:
- 1 872 нафар амбулатор даволанди,
- 535 нафар зарур дори-дармон билан таъминланди,
- 12 нафарга жарроҳлик амалиёти учун ёрдам кўрсатилди,
- 225 нафарга даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Дори-дармон ва жарроҳлик харажатлари учун “Аёллар жамғармаси” Васийлик кенгаши томонидан 447 млн 961 минг сўм ажратилди.
5–6-тоифалар: уй-жой ва алоҳида эътибор
Уй-жойга муҳтож 3 нафар хотин-қизга 5,5 млн сўм ижара компенсaцияси тўлаб берилди, шунингдек уларнинг 2 нафари уй-жой билан таъминланди.
Қарамоғида ногирон фарзанди бўлган 256 нафар хотин-қизга эса жами 258 млн сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилиб, уларнинг муаммолари ҳал этилди.
Психологик қўллаб-қувватлаш ва мотивaция
“Аёллар дафтари”га киритилган 450 нафар хотин-қиз Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканларида дам олдирилиб, улар учун психологик ёрдам, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган мотивatsiон семинарлар ташкил этилди.
Еттинчи босқич: янги вазифалар ва янги имкониятлар
“Аёллар дафтари”нинг 7-босқичи 2026 йил 10 февралдан 25 февралгача давом этади. Бу жараёнда тумандаги 39 та маҳалланинг ҳар бирида ишчи гуруҳлар фаолият юритмоқда. Уларнинг таркибига маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари жалб этилган.
Ишчи гуруҳлар 30 ёшдан ошган ҳар бир хотин-қизнинг муаммоларини ўрганиб чиқади. Илгари “Аёллар дафтари”га киритилиб, бандлиги таъминланган ёки тадбиркорлиги йўлга қўйилган хотин-қизлар қайта рўйхатга олинмайди. Бироқ ишдан бўшатилган ёки тадбиркорлик фаолияти муваффақиятсиз бўлган ҳолларда уларни қайта киритиш имкони сақлаб қолинган.
Хулоса ўрнида
“Аёллар дафтари” — бу шунчаки рўйхат эмас, балки ҳар бир хотин-қизнинг тақдири, муаммоси ва имкониятига алоҳида ёндашув демакдир. Ушбу тизим орқали минглаб хотин-қизлар ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришмоқда.
“Аёллар дафтари”га кириш истагида бўлган хотин-қизлар ўзлари истиқомат қиладиган маҳалладаги хотин-қизлар фаолига мурожаат қилишлари лозим.





