Миробод тумани бўйича ИИО ФМБ бошлиғи подполковник У.С.Насриддиновнинг мурожаати
2026-01-14 17:40:00 / Янгиликлар

Ассалому алайкум, ҳурматли Миробод тумани фуқаролари, ҳамда меҳмонлари !
Жорий йилда туманимиз миқёсида 172 маротаба оммавий-маданий, ижтимоий-сиёсий ва спорт тадбирлари ўтказилиб, унда 314 мингдан ортиқ фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланди. Мазкур тадбирлар давомида жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлашда Миробод тумани ИИОлари ходимлари ўзларини муносиб ҳиссаларини қўшдилар.
Ҳурматли Миробод туман фуқаролари Сизларнинг рухсатингиз билан туман ҳудудидаги жиноятчилик аҳволи бўйича қисқача ахборот берсам.
Жорий йилда туманимиз ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 199 та жиноятлар фош этилди.
– 21 164 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар аниқланди,
– 186 нафар шахслар Реабилитация марказига жойлаштирилди;
– жиноят содир этишга мойил бўлган 1 531 нафар шахслар профилактик ҳисобга ҳамда 67 нафар илгари судланганлар маъмурий назоратга олинди;
– 72 нафар профилактик ҳисобда турган руҳий касал, гиёҳванд ва спиртли ичимликка ружу қўйганлар мажбурий даволанишга ётқизилди;
– профилактика инспекторлари томонидан жиноят қилишга мойил ҳамда жиноятдан жабрланиш хавфи юқори бўлган 4 365 нафар шахслар бўйича маҳалла еттилигига хулосалар берилди ва қўшма хулосалар асосида уларнинг муаммолари ҳал этилди.
Туман ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида:
Туманимиз ҳудудида олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар 21,3 фоизга (656/516) камайишига эришилди.
Жиноят турларидан ўғирлик (212/124), талончилик (15/11), безорилик (37/34), қасддан енгил тан жароҳат етказиш (41/19), жами ЙТҲ (73/59), ўлим билан боғлиқ ЙТҲ (4/2) жиноятлари камайди.
Ички ишлар ходимлари ташаббуси билан аниқланадиган жиноятлар 16,7 фоизга (472/551) яхшиланди.
Маҳалла жиноятчилигини жиловлашга қаратилган тадбирлар натижасида, 2025 йил 12 ой якуни бўйича, тумандаги мавжуд 39 та маҳаллаларнинг 28 тасида (71,8 %) жиноят камайган бўлса, 7 тасида (17,9%) биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Бундан ташқари Муҳтарам Президентимизнинг 2025-йил 3-январь кунидаги ПҚ-1-сон қарор ижросини таъминлаш мақсадида:
“Қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда ўғирлик жиноятлари содир этилган кўчалар рўйҳати шакллантирилиб, ушбу кўчалардаги савдо-маиший хизмат кўрсатиш объектлари қўриқлаш хизматига топшириш юзасидан 312 та аризалар олинди;
Маҳаллаларга 1303 та “Ҳудуд камера назоратида!”, “Объект қўриқловда!” ва “Хонадон қўриқловда!” мазмундаги фуқароларни огоҳликка чақирувчи стикерлар жойлаштирилди.
Маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойлар ва кўчаларига 639 та видео-кузатув камералари ўрнатилди.
Маҳаллалардаги кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига 65 та PTZ-камералари ўрнатилди.
Туманлардаги савдо марказлари ва бозорларига 59 та юзни ва авторақамларни таниб олувчи камералар ўрнатилди.
Маҳаллалардаги кўп қаватли уйларнинг эшикларига 851 та замонавий домофон комплекслари ўрнатилди.
Маҳаллалардаги 1476 та кўп қаватли ва якка тартибдаги хонадонлар Миробод туман Қўриқлаш хизмати томонидан техник қўриқловга олинди.
Маҳаллалардаги кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 285 та ташвиш тугмалари ўрнатилди.
Маҳаллалардаги 275 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари Қўриқлаш хизмати томонидан техник қўриқловга олинди.
Шунингдек, 11 ойлик якунига қадар 26 та “Хавфсиз кўча” ва 65 та “Хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.
Профилактика инспекторлари томонидан жиноят қилишга мойил ҳамда жиноятдан жабрланиш хавфи юқори бўлган 4 214 нафар шахслар бўйича маҳалла еттилигига хулосалар берилди ва қўшма хулосалар асосида уларнинг муаммолари ҳал этилди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар изчиллик билан давом эттирилади.
Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятлар, буни содда қилиб айтганимизда кибержиноятлар деймиз. Бу турдаги жиноятлар замон ва макон танламаслиги ва масофадан, бошқа давлатлардан туриб содир этилиши сабабли иш фаолиятимизда бир мунча қийинчиликлар туғдирмоқда.
Жорий йилда бу йўналишда жами 805 та содир этилган жиноятлар қайд этилиб, асосан киберўғрилик (181 та) ва киберфирибгарлик (460 та) ҳисобланади.
Кибержиноятларнинг 73 фоизида фуқароларимизнинг ўзи пластик картаси кодини жиноятчиларга берганлиги, 22 фоиз ҳолатда сохта вирусли APK файлларни юклаб олишлари натижасида содир этилганлиги маълум бўлди.
Кибержиноятларни олдини олиш бўйича кўплаб ишлар қилинмоқда, лекин афсуски аҳолига ҳалигача етказиб беролмаяпмиз. Бу турдаги жиноятларга қарши курашишнинг энг самарали усули фуқароларда кибержиноятларга қарши иммунитетни шакллантиришдир.
Азиз фуқаролар, ахир бу сизларни пулингизку, чўнтагингиздаги пулингизга қанчалик эътиборли бўлсангиз, пластик картангиздаги пулларга ҳам шундай эътиборли бўлинг. Ҳеч кимга берманг шахсий маълумотингизни!
Ҳар бир маҳаллада профилактика инспекторлари томонидан телеграмда маҳалла каналлари очилган, мана шу каналларда кибержиноятларнинг янги турлари, усуллари ва эҳтиёт чоралари бўйича маълумотлар бериб борилади. Туманимиз аҳолисидан ўзининг маҳалласидаги шу каналларга аъзо бўлишларини сўраб қолган бўлардим.
Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар.
Биз ички ишлар органлари ходимлари туман ҳудудида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ҳамкорликда бу иллатга қарши курашишда, авваламбор ёшлар орасида кенг тарқалишини олдини олишда тегишли тадбирларни амалга оширдик ва ҳозирги кунга қадар ошириб келмоқдамиз.
Жумладан, шу йилнинг ўзида 23 кг. 751 гр. гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноий ҳолатларга чек қўйилди.
Тезкор тадбирлар давомида 3 070 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари хужжатлаштириб олинди.
Мазкур аниқланган жиноят ишлари доирасида жами
289 нафар шахслар жавобгарликка тортилди.
Бу турдаги аниқланган наркотиклар агар муомалага чиқиб кетганида, 120 мингдан ортиқ ёшларни заҳарлаши мумкин эди.
Шунга ўхшаган тадбирлар давомида, кўплаб ҳолатларни аниқладик, лекин, бу йўналишга янада жиддий эътибор қаратишимиз керак.
Бугунги кунда бу турдаги жиноятлар ҳам замонавийлашган, яъни гиёҳвандлик воситаларининг савдоси билан шуғулланувчи интернетга кўчган! Бундан интернет дўконлари, уларнинг администратор ва операторлари, “кладменлар” ва “закладчиклар” орқали жиноятлар содир этилмоқда. Бу эса жиноий гуруҳ фаолияти хориждан туриб бошқарилмоқда. Шунинг учун бу каби жиноий гуруҳ раҳбарларигача етиб боришда бир қанча қийинчиликлар мавжуд. Буни яширолмаймиз.
Лекин бир нарсани унутмайлик! Талаб бўлмаса, таклиф ҳам бўлмайди.
Биз бу жиноятларни содир этаётганларни аниқлаб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаймиз. Лекин шахс жавобгарликка тортилиши билан унинг келажаги, оиласи нима бўлади? Бу иллат бутун жамиятимиз ва келажагимизга катта хавфни келтириб чиқариши мумкинлигини утунмайлик.
Бу иллатга барчамиз биргаликда курашишимиз шарт!
Ҳурматли тумандошлар, пойтахтимиз меҳмонлари!
Жиноят содир этилганидан кейин эмас, уларни олдиндан бартараф этишга эътибор қаратайлик.
Бугунги кунда туманимиздаги 39 та маҳаллаларнинг ҳар бирида маҳалла телерамм каналлари бор.
Маҳалла профилактика инспекторлари томонидан ушбу телеграмм каналага маҳалланинг 18 ёшдан ошган барча аҳолисини аъзо қилиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Сизлардан илтимос, ушбу телеграмм каналларга аъзо бўлсангиз, биз Сизларга бугунги кундаги туманимиз ҳудудидаги жиноятчилик аҳволи, кибержиноятларнинг янгича турлари, улардан ҳимояланиш, наркотик ва бошқа иллатларга қарши курашиш бўйича маълумот бериб борамиз.
Ушбу телеграмм каналларда ҳар бир маҳалладаги муҳит ҳақида бевосита ҳар куни маълумотлар берилади, энг асосийси Сиз тўғридан тўғри профилактика инспектори билан бевосита алоқада бўласиз.
Турли масалаларда мурожаат қилишга, қизиқтирган саволлар ва бошқа маълумотлар ҳақида боғланиш имкони бўлади.
Шу ўринда, ҳурматли фуқароларимиздан огоҳ бўлишларини, оиласи, яқинлари, қўни-қўшнилари орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда жонбозлик кўрсатишларини ҳам сўраб қоламан.
Агарда, Сизда фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлигига турли хатарлар бўйича, шунингдек бошқа шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ҳақида маълумотлар бўлса, бизга 102 рақами орқали ёки ишонч телефонларимизга хабар беришларизни сўраймиз.
Албатта хабар берганларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишига кафолат берамиз. Шуни эътиборга олингки, бу, айримлар айтганидек “қулоқлик” эмас, балки давлат ва жамият олдидаги ўз бурчига содиқлик ҳисобланади. Сизнинг шу хабарингиз асосида оғир оқибатли жиноятларнинг олди олиниши, инсонлар ҳаёти сақлаб қолиниши мумкинлигини унутманг. Ҳеч биримиз бефарқликка берилмаслигимиз лозим.
Мурожаатим сўнгида туман ички ишлар органлари ходимлари номидан барчангизга оилавий ҳотиржамлик ва соғ-саломат бўлишингизни тилаб қоламиз.
Юртимиз доимо тинчлик, хонадонимизда файзу барака бўлсин. Биргаликда келажак авлоднинг соғлом ва етук бўлиб улғайишлари ҳамда мустақил Ватанимизнинг келажаги учун маҳалламизни, туманимизни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантирайлик.
Соғ ва омон бўлинглар!
