Миробод тумани ҳокими Анвар Сайфутдиновнинг туман аҳолисига байрам табриги
2025-12-31 17:50:00 / Янгиликлар

Қадрли Миробод тумани аҳолиси, азиз юртдошлар!
Янги — 2026-йил остонасида туриб, сизларни шу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этар эканман, фахр билан таъкидлаб ўтмоқчиман: Миробод бугун янгиланаётган Тошкентнинг, тараққиётга интилган Янги Ўзбекистоннинг ёрқин қиёфасидир. Ортимизда қолиб бораётган йил туманимиз ҳаётида тасодифий ўзгаришлар эмас, балки пухта ўйланган ислоҳотлар, қатъий қарорлар ва халқ манфаатига хизмат қилган амалий ишлар йили сифатида тарихга муҳрланмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” деган улуғ ғоя Мирободда шиор эмас, балки ҳаёт тарзига айланди. Бу ғоя обод кўчаларда, янгиланган маҳаллаларда, таълим ва технологияга очилган эшикларда, энг муҳими — одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончли қарашларида ўз ифодасини топмоқда.
Юртимизда 2026-йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши Миробод учун алоҳида маъно касб этади. Чунки маҳалла — бу инсон тақдири, жамият маънавияти ва тараққиётнинг илдизидир. Туманимиздаги 39 та маҳаллада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ана шу ҳақиқатдан озиқланади. Жорий йилда “Зиёнур”, “Толариқ” ва “А.Авлоний” маҳаллаларида амалга оширилган ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари Мирободда яшаш нафақат қулай, балки фахрли эканини яна бир бор намоён этди.
Бу натижалар кечаги кун билан чекланиб қолмайди. Президентимизнинг ПФ–223-сонли Фармони асосида ишлаб чиқилган Миробод туманини 2026-йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури туманимизни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Ушбу дастур иқтисодий ўсишни инсон ҳаётида ҳис этиладиган даражага олиб чиқиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, яшил тамойилларни ҳаётимизга сингдириш орқали Мирободни барқарор тараққиёт ҳудудига айлантиришни мақсад қилган.
Дастур доирасида туман маркази қиёфаси замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қайта шаклланади, оқова сув тармоқлари босқичма-босқич барпо этилади, яшил ҳудудлар кенгайтирилади. Хизмат кўрсатиш соҳасида эса Миробод янги стандартларни белгилайди: йўл бўйи инфратузилмаси, 24/7 режимида фаолият юритувчи гастрономик ва кўнгилочар кўчалар, иқтисодий фаоллик ва шаҳар маданияти уйғунлашган янги муҳит яратилади. Мавжуд саноат корхоналарининг қуввати оширилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилади.
Ёшлар — Миробод тумани келажагининг асосий таянчи. Шу маънода, жорий йилда туманимизда замонавий робототехника ва муҳандислик марказининг иш бошлаши оддий таълим лойиҳаси эмас, балки стратегик қарор бўлди. Ушбу марказ орқали минг нафардан ортиқ ёшлар сунъий интеллект, муҳандислик, робототехника, физика ва дрон технологиялари бўйича билим олиб, Мирободни ақл ва инновация маконига айлантирмоқда.
Президентимиз раислигида 16-декабр куни бўлиб ўтган йиғилиш эса Миробод тақдирида алоҳида бурилиш ясади. Унда Тошкент шаҳри туманлари аниқ соҳалар бўйича ихтисослаштирилар экан, Миробод тумани илғор технологиялар, сунъий интеллект, замонавий таълим ва тиббиёт лойиҳалари жамланадиган инновацион марказ сифатида белгилаб берилди. Бу қарор — туманимизга берилган энг юксак ишонч, энг катта имконият ва энг катта масъулиятдир.
Азиз юртдошлар!
Янги йил — бу фақат сана алмашиши эмас. Бу — янги режа, янги суръат, янги ютуқлар демак. Агар биз шу бирлик, шу ишонч, шу фидойилик билан ҳаракат қилсак, 2026-йил Миробод учун тараққиёт рамзи, фаровонлик мезони ва юксалиш тимсолига айланади.
Шу қутлуғ дамларда сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик ва барака, фарзандларимизга порлоқ келажак тилайман. Янги йил ҳар бир маҳаллага ободлик, ҳар бир оилага қувонч, ҳар бир юракка ишонч олиб кирсин.
🎄 Яқинлашиб келаётган янги 2026-йил муборак бўлсин!
Миробод — тараққиётга етакловчи туман бўлиб қолаверсин!
