Халқ депутатлари Миробод тумани Кенгашининг 18-сессияси ҳақида
2025-12-29 17:10:00 / Янгиликлар

2025-йил 29-декабр куни Миробод туман ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Миробод туман Кенгашининг III чақириқ, 18-сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши раиси Анвар Сайфутдинов очиб берди. Сессия ишида 24 нафар депутат иштирок этди ва кворум таъминланди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Гулрух Агзамова, Тошкент шаҳар ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари Алексей Хен, туман ҳокимининг ўринбосарлари, туман солиқ инспексияси, иқтисодиёт ва молия бўлими раҳбарлари, маҳалла еттилиги ҳамда тегишли ташкилотлар масъул ходимлари қатнашдилар.
Сессия котиби этиб 1-Шароф Рашидов сайлов округи депутати Абдуҳаким Маманазаров сайланди. Шунингдек, саноқ комиссияси таркиби тасдиқланди.
Кун тартибидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим масалалар ўрин олди. Хусусан:
🔹 2026 йилда Миробод туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳамда
🔹 2026 йил учун Миробод туманининг маҳаллий бюджети тўғрисида туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Жамшид Орипов ахборот берди.
🔹 Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи ставкасига қўлланиладиган коеффитсиентлар, сув ресурсларидан фойдаланганлик ҳамда норуда қурилиш материаллари учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича таклифлар туман солиқ инспексияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сухроббек Иброҳимбеков томонидан тақдим этилди.
Сессияда 2025 йил давомида “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичи доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Феруза Мадаминова ҳисобот берди.
📑 Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан депутатлар томонидан фикр ва таклифлар билдирилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
⚖️ Сессиянинг энг муҳим масалаларидан бири — Халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши раисини сайлаш масаласи бўлди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 120-моддасига мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб туман Кенгашларида ҳоким ва Кенгаш раиси лавозимлари ажратилади.
Қонунчилик талабларига мувофиқ, сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи тузилиб, улар томонидан Кенгаш раиси лавозимига номзод кўрсатилди. Очиқ ва ошкора муҳокамалардан сўнг, депутатлар овоз бериш йўли билан Каюмов Хайрулла Забихуллаевични Халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши раиси этиб сайладилар.
Янги сайланган Кенгаш раисига депутатлар томонидан самимий табриклар билдирилиб, туман тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги йўлидаги фаолиятида муваффақиятлар тилаб қолинди.
Сессия якунида Халқ депутатлари Миробод туман Кенгашининг 18-сессияси кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилгани эълон қилиниб, сессия ёпиқ деб топилди.









