Миробод туманида илк оилавий болалар уйи фаолият бошлади
2025-12-22 12:35:00 / Янгиликлар

Ана шундай эзгу ташаббуслар доирасида Миробод туманида илк бор оилавий болалар уйи ўз фаолиятини бошлади. Туман ҳудудида фуқаролар Г.Якубова ва унинг турмуш ўртоғи К.Равшановлар ташаббуси билан ташкил этилган “Юлдузча” номли оилавий болалар уйи болажонлар учун меҳр ва эътиборга тўла масканга айланмоқда.
Айни пайтда мазкур оилавий болалар уйида 3 нафар қиз бола тарбияланмоқда. Ҳар бири ўзига хос қобилият ва истеъдодга эга бўлган бу болалар энди ҳақиқий оила бағрида, соғлом ва баркамол муҳитда вояга етмоқда.
Ёш оила томонидан болаларнинг ҳар томонлама камол топиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Улар доимий эътибор, меҳр-мурувват билан ўралган бўлиб, ижтимоий, психологик ҳамда тарбиявий жиҳатдан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса болаларнинг жисмонан соғлом, маънан етук ва келажакка ишонч билан қараб улғайишига хизмат қилмоқда.
Такидлаш жоизки, оилавий болалар уйи — бу шунчаки яшаш жойи эмас, балки фарзандлар учун ҳақиқий оила муҳитини яратиб берадиган, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган инсонлар бағрида шаклланадиган меҳр маскани ҳисобланади.







