Миробод ҳокимлиги ёшларга ишлаш ва ўқиш имкониятларини кенгайтирмоқда
2025-11-25 13:30:00 / Янгиликлар

Меморандум Тошкент транспорт техникумида касбий таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий корхоналар билан яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида тузилди.
Тадбирда Транспорт техникуми директори Жамшид Тўйчиев, Миробод тумани ҳокимининг ўринбосари Саидрасул Саидханов, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими вакиллари ҳамда техникум ўқитувчилари ва талабалари иштирок этдилар.
"Бу ҳамкорлик ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Техникум ва маҳаллий корхоналар ўртасидаги яқин алоқалар битирувчиларни иш билан таъминлаш ва уларнинг касбий малакасини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, замонавий касб-ҳунарни эгаллаган, техник билимга эга ёшлар – Миробод туманининг локомотиви деб биламан ва уларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман”, - дея таъкидлади учрашув давомида туман ҳокими А.Сайфутдинов.
Транспорт техникуми директори Ж.Тўйчиев эса ҳокимга техникум талабаларининг Германияда таҳсил олишлари бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек дуал таълим ва маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Меморандум доирасида қуйидаги устувор йўналишлар амалга оширилади:
- Техникум ўқув дастурлари маҳаллий корхоналар талабларига мослаштирилади;
- Дуал таълим ва ишлаб чиқариш амалиёти кенгайтирилади;
- Педагоглар малакаси оширилади;
- Хотин-қизлар ва ёшлар учун қисқа муддатли касбга ўқитиш курслари ташкил қилинади;
- Техникумнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланади.
Томонлар меморандум асосида ҳудуддаги корхоналар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, битирувчиларни иш билан таъминлаш ва рақамли бошқарув тизимини жорий этишни режалаштирмоқда.
Меморандумнинг имзоланиши Миробод туманидаги касбий таълим тизимини янада модернизатсия қилиш, ёшлар учун замонавий имкониятлар яратиш ва касбий таълимни ривожлантириш борасида пойтахтда илғор тажриба намунасини яратиш учун асос бўлди.









