Миришкор тумани прокурори Сардор Назаровнинг туман аҳолисига мурожаати
2025-09-05 12:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли юртдошлар!
Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 3-январь куни қабул қилинган қарор билан маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, 5-март куни Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида прокуратура органларига жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши қатъий курашиш бўйича муҳим вазифалар топширилди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уюшмаган ёшларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида самарали ташаббуслар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллалар, таълим муассасалари, бозорлар, савдо мажмуалари, кўп қаватли уйлар ва жамоат жойларида замонавий техника воситалари ўрнатилиб, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар!
Сўнгги пайтларда фирибгарликнинг турли кўринишлари, жумладан, чорва моллари ўғирлиги ва пластик карталардан ноқонуний маблағ ечиш ҳолатлари кўпаймоқда. Афсуски, интернет ижтимоий тармоқларида тарқатилаётган турли хил “ютуқли ўйинлар”, олдиндан тўлов талаб қилувчи “онлайн дўконлар”, “бола пули”, “нафақа” ёки “ҳайрия маблағлари тарқатилмоқда” каби ёлғон хабарлар ортидан кўплаб фуқароларимиз алданмоқда. Шу боис сизлардан банк пластик карталарингиз маълумотларини сир сақлашингизни, шубҳали хабарларга ишониб қолмаслигингизни, бу борадаги тарғибот тадбирларига беэътибор бўлмаслигингизни қатъий сўраб қоламиз.
Фуқароларимиз учун муҳим профилактик тавсиялар:
• Мобил телефон ёки бошқа қурилмангизга иловаларни фақат расмий манбалар — Android тизими учун Google Play, iOS тизими учун App Store орқали юклаб олинг.
• Норасмий манбалардан тарқатилаётган .apk файлларни, жумладан: “SudQarori.apk”, “OR Марказий Банк.apk”, “Расмлар.apk”, “МИБдан қарздорлик.apk” каби файлларни очманг ва уларга ишонманг.
• Хонадоннгиздаги мол-мулк, хусусан, чорва молларингизни ҳам эътиборсиз қолдирманг, уларнинг хавфсизлигини таъминланг.
Шу ўринда барчангизни жиноятчиликни олдини олиш ва уни бартараф этишда фаол ҳамкорликка чақирамиз. Зеро, жиноятларнинг фош этилиши ва олдини олишда халқимизнинг огоҳлиги, ташаббускорлиги ва дахлдорлик ҳисси беқиёс аҳамият касб этади. Қонун устувор бўлган юртимизда жиноят содир этган шахсларнинг жазоланиши муқрарлиги қонунларимизда кафолатланган. Айниқса, рақамли иқтисодиёт шиддат билан ривожланаётган ҳозирги даврда фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларининг аксарияти ахборот технологиялари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётганлиги кузатилмоқда. Шуни унутмангки, прокуратура органлари жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига қатъий қонуний чек қўяди.
Ҳурматли юртдошлар!
Барчамизнинг огоҳлигимиз, ҳушёрлигимиз ва қонунга бўлган ҳурматимиз — юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминловчи муҳим омиллардандир.
Ҳурмат билан,
Сардор Назаров
Миришкор тумани прокурори
