Прокурор мурожаати
2025-07-08 19:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Бугунги рақамли асрда тараққиёт билан бир қаторда, афсуски, кибержиноятлар — яъни ахборот-коммуникация технологиялари орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.
Сўнгги вақтларда Миришкор туманида фуқароларимизга тегишли банк пластик карталаридан пул маблағларини рухсатсиз ечиб олиш, шахсий ахборотларни қалбакилаштириш ва уларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга қаратилган ноқонуний ҳаракатлар кўпайганини афсус билан таъкидлаймиз.
2025 йилнинг 1-ярим йиллигида туманда 36 та кибержиноят аниқланиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 57 фоизга ошган. Бу эса, ахборот хавфсизлигига оид таҳдидларнинг кундан-кунга жиддийлашаётганидан далолат беради.
Фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини, мол-мулк дахлсизлигини ва шахсий маълумотларининг махфийлигини таъминлаш биз — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг устувор вазифаларидан биридир.
Фуқароларга қуйидаги профилактик тавсияларни эслатиб ўтишни муҳим деб ҳисоблаймиз:
Илова юклаб олишда эҳтиёт бўлинг!
Мобил телефон ёки бошқа қурилмангизга дастурларни фақат расмий манбалар — Андроид тизими учун “Google play”, IOS қурилмалари учун “App Store” орқали юклаб олинг. Норасмий манбалар орқали тарқатилаётган .апк файллар зарарли дастур бўлиши мумкин.
Қурилмаларни янгилаб боринг!
Компютер ва мобил қурилмангиздаги оператсион тизимлар ва ахборот хавфсизлиги (антивирус) дастурларини мунтазам янгилаб боринг. Бу киберхавфлардан ҳимояланишда асосий омиллардан биридир.
Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали келаётган файлларга нисбатан ҳушёр бўлинг!
Telegram, Whatsapp ва шунга ўхшаш мессенжерларда сиз танимайдиган манбалардан юборилган, айниқса .апк каби кенгайтмали файлларни очманг, дарҳол ўчириб ташланг.
Икки босқичли аутентификатсияни ёқинг!
Шахсий аккаунтларингиз (Телеграм, Инстаграм, Гмаил ва бошқалар) учун икки босқичли ҳимоя тизимини (2ФА) ёқиш орқали ҳисобларингизни фирибгарлар ҳужумидан сақланг.
Шахсий маълумотларингизни сир тутинг!
Ҳеч қачон учинчи шахсларга, ҳатто телефон орқали ҳам, банк картангиз рақами, парольингиз, паспорт серияси ва рақами, СМС орқали келган тасдиқловчи кодлар каби шахсий ва молиявий ахборотларингизни берманг. Расмий банк ходимлари бу маълумотларни телефон орқали ҳеч қачон сўрамайди.
Шубҳали қўнғироқ ёки хабарларга нисбатан огоҳ бўлинг!
Агар ўзингизни банк ходими, ҳуқуқ-тартибот органи вакили ёки давлат идораси номидан таништирган шахсдан шубҳалансангиз — дарҳол 102 рақамига мурожаат қилинг. Фирибгарлар кўпинча ишончли сўзлар ва босим билан маълумот талаб қилади. Бундай ҳолатларда ўзингизни йўқотманг!
Эсингизда бўлсин!
Фирибгарларнинг ёндашуви тобора такомиллашиб бормоқда — улар рақамли ҳийла-найранглар, ёлғон ҳаволалар, фейк хабарлар, ҳатто сунъий интеллектдан ҳам фойдаланишга уринмоқда. Аммо сизнинг эҳтиёткорлигингиз, ҳуқуқий саводхонлигингиз ва технологик огоҳлигингиз уларнинг барча режалари барбод бўлишининг кафолатидир.
Миришкор туманида осойишталик, фуқароларимизнинг мол-мулк хавфсизлиги — жамиятимиз барқарорлигининг асоси. Келинг, жиноятчиликка, айниқса замонавий фирибгарлик шаклларига қарши биргаликда курашайлик.
Ҳурмат билан,
Миришкор тумани прокурори
Сардор Назаров
