Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда тарқалган нотўғри ахборот юзасидан тушунтириш
2025-06-18 10:25:00 / Расмий муносабат

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда “Миришкорда 450 минг сўмлик 'базм' – Камбағал оилаларга оғир юк” сарлавҳаси остида тарқатилган видео жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу материалда Миришкор тумани “Айзабод” маҳалласидаги 11-сонли мактаб битирувчилари томонидан гўёки мактаб томонидан ташкил этилган қиммат “битирув оқшоми” акс эттирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шуни расмий равишда маълум қиламизки, ижтимоий тармоқда фаолият юритувчи канал томонидан жойлаштирилган ахборот ҳақиқатга тўлиқ мос эмас, масала бирёқлама талқин қилинган ҳамда маълумотга расмий изоҳ олинмаган.
Тегишли ўрганишлар натижасида аниқланишича, 11-сонли умумтаълим мактаби битирувчи ўқувчилари “Битирув оқшоми”ни ўтказишни режалаштирган. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қатъий кўрсатмасига асосан умумтаълим муассасаларида “битирув кечалари”ни ресторан, кафе ёки хонадонларда ташкил этиш, бунинг учун ота-оналардан пул йиғиш қатъиян ман этилган. Шу боис, мактаб маъмурияти томонидан ушбу тадбирни ташкил этишга рухсат берилмаган ва охирги имтиҳон куни – 12-июнга қадар бу масалада ҳеч қандай рухсатнома ёки ташкилий ҳаракатлар амалга оширилмаган.
Шунга қарамай, 2025-йил 14-июн куни ота-оналар ташаббуси билан ўқувчиларнинг бирининг хонадонида эсдалик байрами тарзида норасмий “Битирув оқшоми” ўтказилган. Тадбирни ота-оналар ўзаро келишган ҳолда, мактаб маъмурияти аралашувисиз ташкил этган. Унга на мактаб томонидан ташкилий кўмак берилган, на маблағ йиғими мактаб орқали амалга оширилган.
Тадбирда битирувчиларга эсдалик албомларини топшириш учун мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ч. Раупова ҳам таклиф этилган ва у мазкур тадбирда атиги 20 дақиқа иштирок этганини билдирган.
Олиб борилган суҳбатлар жараёнида ота-оналар ва мактаб педагог ходимлари тадбирни тўлиқ ота-оналар ташаббуси билан, мактабнинг аралашувисиз ташкил этилганини тасдиқлашди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мактаб маъмурияти ижтимоий тармоқларда асоссиз ва нотўғри талқин этилган мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ишонч рақамларига расмий мурожаат йўллаган.
Ҳурматли фуқаролар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари! Қандайдир воқеа-ҳодиса юзасидан баҳо беришдан олдин ҳар икки томоннинг расмий фикрини ўрганиш, асосли манбаларга таяниш муҳимдир. Асоссиз хабарлар эса нафақат жамоатчиликни чалғитади, балки муассасалар шаънига доғ тушириши мумкин.
