Миришкор тумани прокурорининг туман аҳлига мурожаати
2025-06-05 15:25:00 / Янгиликлар

Ассалому алайкум, муҳтарам тумандошлар!
Сўнгги вақтларда туманимизда фирибгарлик ҳолатлари — айниқса, банк карталаридан пул маблағларини ноқонуний йўллар билан ечиб олиш ҳолатлари ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда сиз, азиз фуқароларимизнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш бизнинг устувор вазифамиз ҳисобланади.
Афсуски, айрим шахслар ўзларини “банк ходими” ёки турли молиявий ташкилот вакили сифатида таништириб, телефон орқали ёхуд ижтимоий тармоқлар воситасида одамларни турли ёлғон ваъдалар билан алдашга уринаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Улар “ҳомийлик пули ажратилган”, “соврин ютдингиз” ёки “кредит тасдиқланди” каби сохта маълумотлар орқали шахсий маълумотларингизни қўлга киритишга ҳаракат қиладилар.
Шу муносабат билан яна бир бор эслатиб ўтамиз:
-
Ҳеч қачон ўзингизга тегишли банк картаси рақами, ПИН-коди, паспорт маълумотлари ва бошқа шахсий маълумотларни бегона шахсларга ошкор қилманг.
-
Тез ва катта даромад, инвестиция ёки соврин ваъдаларини ишонмасдан қабул қилманг.
-
Огоҳ ва ҳушёр бўлинг!
Агар шубҳали қўнғироқ ёки хабарларга дуч келсангиз, дарҳол 102 рақамига мурожаат қилинг.
Огоҳлик — мол-мулкингизнинг кафолати!
Унутманг: фирибгарларнинг ҳийласи хилма-хил, аммо сизнинг огоҳлигингиз уларнинг режаларини барбод қилади.
Миришкор туманининг осойишталиги ва ҳар бир фуқаронинг хавфсизлиги барчамиз учун муҳим. Келинг, жиноятчиликка қарши биргаликда курашайлик!
Ҳурмат билан,
Миришкор тумани прокурори
Сардор Назаров
