Устозга эҳтиром – инсоний қадрият ифодаси
2025-05-30 16:50:00 / Янгиликлар

Бугун юртимизда инсон қадри улуғланаётган, ҳар бир юртдошимизнинг орзу-умидларига эътибор қаратилаётган бир давр. Бу эътибор ва эҳтиром замирида эса, аввало, эл-юрт тараққиёти учун меҳнат қилган, ёш авлод тарбиясида ўз изини қолдирган инсонларга ҳурмат ётади.
Миришкор тумани ҳокими Файзулло Ғуломов ана шундай инсонлардан бири — ўзининг устозига эҳтиром келтирди. Туманнинг Помуқ шаҳарчасига ташриф буюрган туман раҳбари, 1991-1995 йилларда Баҳористон тумани (ҳозирги Миришкор тумани) га раҳбарлик қилган, ҳаёт йўли ёш раҳбарлар учун ибрат мактаби бўлган Яздурди Сапаров ҳолидан хабар олди.
Мазкур ташрифда ҳокимга туман прокурори Сардор Назаров ҳамда ИИБ бошлиғи Ғайрат Хайдаров ҳамроҳлик қилишди. Самимий суҳбат, меҳр-оқибат ва дуолар ила ўтган учрашув ҳар бир иштирокчи учун унутилмас дақиқаларга айланди.
Яздурди Сапаров бугунги ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг инсон қадри учун амалга ошираётган сиёсатини ҳеч бир давр ва воқелик билан қиёслаб бўлмаслигини, юртимизда, вилоятда ва айнан Миришкор туманида эришилаётган ютуқларни мамнуният билан тилга олди.
“Кўпни кўрган инсон сифатида бугун халқимиз учун яратилаётган имкониятлар, ёшларга берилаётган ғамхўрлик ва замонавий ислоҳотларни кўриб, дуога қўл очмасликнинг иложи йўқ. Биз орзу қилган кунларга етиб келдик”, — деди Яздурди бобо самимий қувонч ила.
Бу ташриф устоз-шогирд анъаналарининг давом этаётганидан, раҳбарлик масъулиятини зиммага олган инсонларнинг инсоний қадриятларни устувор деб билишидан далолат. Зеро, ҳаёт йўли, тажрибаси ва дуолари билан ҳар биримизга нур сочувчи устозлар — халқимизнинг бебаҳо бойлигидир.


