ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИК
2026-09-30 21:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар, азиз устозлар!
Сиз, азизларни, аввало, халқимизнинг маънавий-маърифий ҳаётида беқиёс ўрин тутадиган, келажак авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча ўқитувчи ва мураббийларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Инсон ҳаётида устознинг ўрни ва қадри беқиёс. Зеро, ҳар бир ютуқнинг, ҳар қандай бунёдкорлик ва тараққиётнинг замирида билим, тарбия ва фидойилик мужассам. Устоз нафақат билим беради, балки ўзининг ибрати, ҳаётий тажрибаси ва эзгу фазилатлари билан ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, халқига садоқат, юксак мақсад ва катта орзуларни шакллантиради.
Бугун мамлакатимизда таълим ва тарбия тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ўқитувчининг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини юксалтириш, педагогларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва изчил ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган баркамол авлодни вояга етказишдир.
Биз, Миришкор туманида ҳам ушбу эзгу мақсадларни ҳаётга изчил татбиқ этиб, таълим сифатини ошириш, педагоглар салоҳиятини юксалтириш, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Қувонарлиси, амалга оширилаётган ишлар ва устозларимизнинг фидокорона меҳнати ўзининг муносиб натижаларини бермоқда.
Жумладан, Миришкор тумани 20-сонли умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Сафаров Акмал Қаҳрамон ўғли жорий йилда “Йил ўқитувчиси” танловида ғолибликни қўлга киритиб, 616 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди. Бу ютуқ, аввало, устозларимизнинг юксак касбий маҳорати, изланиши ва ўз касбига бўлган фидойилигининг ёрқин намунасидир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғига асосан 2-сонли умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Исаева Матлуба Рустамовна, 11-сонли умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси Қўзиева Ҳулкар Ироқовна ҳамда 38-сонли умумий ўрта таълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси Неъматова Шамсия Юлдузовна “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Бугунги кунда туманимиз мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги барча фанлар бўйича 725 нафар, яъни 34,4 фоиз педагог халқаро ва миллий сертификатларга эга. Шундан 172 нафари халқаро, 553 нафари эса миллий сертификат соҳибидир. Фақат 2026 йилнинг I чорагининг ўзида 122 нафар педагог халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлди.
Ўқувчиларимизнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш борасида ҳам муҳим натижаларга эришилмоқда. Умумтаълим мактабларида фанларни билиш даражаси бўйича жами 626 нафар ўқувчи халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритган бўлиб, шундан 217 нафари 2026 йилнинг I чорагига тўғри келади. Йил якунига қадар сертификатли ўқувчилар сонини 1321 нафарга етказиш режалаштирилган.
Ёш авлодга хорижий тажрибаларни ўргатиш ва таълим жараёнига илғор методларни олиб кириш мақсадида 2026 йилнинг I чорагида туманимизнинг 1-, 20- ва 38-сонли умумтаълим мактабларига хорижий давлатлардан инглиз тили фани ўқитувчилари жалб қилинди.
Хусусан, 1-сонли умумтаълим мактабида Филиппин давлатидан Росие Магно Деноста, 20-сонли умумтаълим мактабида Ҳиндистон давлатидан Среедҳаран Гиша, 38-сонли умумтаълим мактабида эса Ҳиндистон давлатидан Афсал Меле Путҳен Вееттил ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бермоқда. Бундай халқаро тажриба алмашинуви ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, амалий билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда таълим сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таълимдаги ислоҳотларнинг амалий натижасини битирувчиларимизнинг олий таълимга кириш кўрсаткичларида ҳам кўриш мумкин. Жорий йилда умумтаълим мактабларининг 790 нафар 11-синф битирувчиси давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларига талаба бўлди. Олий таълимга кириш кўрсаткичи 57,9 фоизни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 3,3 фоизга ошди.
Педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026–2027 ўқув йилида жами 2160 нафар ўқитувчидан 206 нафари олий, 294 нафари I, 404 нафари II малaka тоифасига эга. Умуман, тоифага эга педагогларнинг салмоғи 42 фоизни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, ёш педагогларни тизимга жалб этиш борасида ҳам ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда. Жорий йилнинг 2 сентябрь ҳолатига кўра, 88 нафар ёш педагог олий таълим муассасаларини тамомлаб, туманимиз умумтаълим мактабларида ўз меҳнат фаолиятини бошлади.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларимиз ҳам ўз самарасини бермоқда. Асосий фан олимпиадаларининг вилоят босқичида 3 нафар ўқувчимиз 1–2-ўринларни қўлга киритди. 38-сонли мактаб ўқувчиси Жўраева Озода рус тили ва адабиёти фанидан Асосий фан олимпиадасининг Республика босқичида муносиб иштирок этди.
2026 йилда туманимизда “Вилоят ҳокими олимпиадаси”нинг саралаш босқичлари муносиб ташкил этилди. Олимпиаданинг вилоят босқичида она тили ва адабиёт ҳамда математика фанларидан 2 нафар ўқувчимиз фахрли 2-ўринни эгаллади.
Шунингдек, 2026–2027 ўқув йилида Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ой тўланадиган вазир устамасига саралашнинг биринчи босқичида 30 нафар педагогимиз сараланди. Уларнинг 10 нафари ўқув йили давомида ҳар ой вазир устамасини олиш ҳуқуқига эга бўлиб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида пул маблағлари билан рағбатлантириладиган бўлди.
Бугунги куннинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлган рақамли билим ва сунъий интеллект соҳасида ҳам ёшларимиз фаол иштирок этмоқда. “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида 4165 нафар мактаб ўқувчиси сертификатларни қўлга киритди.
Вилоятда ўтказилган “Рақамли авлод қизлари” танловида туманимизнинг 9-сонли умумий ўрта таълим мактаби информатика фани ўқитувчиси Ғаниева Шаҳноза Рауф қизи 1-ўрин, 32-сонли умумий ўрта таълим мактаби информатика фани ўқитувчиси Қўзиева Шаҳрибону Музаффар қизи 2-ўринни эгаллаб, вазирлик босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Мактабгача таълим тизимида ҳам қамровни кенгайтириш ва болалар учун муносиб шароит яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Инвестиция дастури асосида капитал реконструкция қилиш ҳисобига 9-ДМТТ қувватини 30 ўринга ошириш, қамров кўрсаткичи паст бўлган Нурафшон, Юксалиш, Баллуғ, Наврўз, Қурама ва Ширин МФЙларда 10 та янги оилавий НМТТ ташкил этиш орқали 250 нафар болани қамраб олиш режалаштирилган.
Шунингдек, коэффициенти паст бўлган 2 та мактаб ва 3 та ДМТТ қошида 6 ёшли болаларни мажбурий бир йиллик мактабга тайёрлаш учун 5 та гуруҳ ташкил этиш ва қўшимча 150 нафар болани қамраб олиш ишлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган кам таъминланган оилаларнинг 250 нафар фарзанди бадал тўловларидан озод қилинган.
Таълимда тенг имконият ва инклюзив муҳитни таъминлаш мақсадида туманимиз умумий ўрта таълим муассасаларининг 25 тасида инклюзив синфлар ташкил этилган бўлиб, уларда алоҳида таълим эҳтиёжига эга 57 нафар бола таҳсил олмоқда.
Инклюзив таълимни ривожлантириш, коррекцион ва психологик хизматлар сифатини ошириш мақсадида 2025 йилда туман ҳокимлиги томонидан 98 миллион 519 минг сўм маблағ ажратилиб, 10 турдаги зарур жиҳозлар етказиб берилди. 2026 йилда эса тўсиқсиз муҳит ташкил этилмаган 4-сонли мактаб учун 19 миллион сўм маблағ ажратилиб, 10 турдаги жиҳозлар билан таъминланди.
Таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва замонавий инфратузилмасини яратиш борасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Ҳозирги кунда Навбаҳор МФЙда жойлашган 14-сонли умумий ўрта таълим мактабида 10 миллиард 227 миллион сўмлик капитал таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-393-сонли қарорига асосан Шодлик МФЙдаги 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 4 миллиард 136 миллион сўмлик реконструкция ишлари, Истиқлол МФЙда 330 ўринли янги мактаб биносининг 10 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиши, Янги Миришкор МФЙда эса 336 ўринли ихтисослаштирилган янги мактаб биносининг 20 миллиард 600 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Қолаверса, спорт соҳасида ҳам устоз ва мураббийларимизнинг фидокорона меҳнати ўзининг муносиб натижаларини бермоқда. Жорий йилда 48 нафар спорт мактаби ўқувчиси жаҳон, Осиё ва мамлакатимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида фахрли ўринларни қўлга киритди.
Жорий йилда 5,2 миллиард сўм маблағ эвазига спорт мактаби биноси ва спорт ўйингоҳи таъмирланиб, янги сунъий қопламали мини-футбол ўйингоҳи фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, туманимиздаги 1- ва 2-сон техникумларида фаолият юритаётган ўқитувчилар ҳам ўз устида изчил ишлаб, малакасини ошириб, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаб, турли сертификатларга эга бўлмоқда. Техникумларда 1 миллиард сўм маблағ эвазига спорт ўйингоҳлари ташкил этилди.
Азиз ва муҳтарам устозлар!
Юқоридаги рақамлар ва натижалар ортида, энг аввало, сизларнинг машаққатли меҳнатингиз, касбингизга бўлган садоқатингиз, юксак масъулиятингиз ва ҳар бир ўқувчининг келажагига бўлган ишончингиз мужассам.
Бугун мамлакатимиз тараққиёти учун ҳар томонлама билимли, замонавий фикрлайдиган ва рақобатбардош ёшларни тарбиялашдек улкан вазифа олдимизда турибди. Бу шарафли ва масъулиятли вазифани амалга оширишда сиз, азиз устозларнинг ўрнингиз беқиёс.
Ишончим комилки, Миришкор туманининг фидойи педагоглари, устоз ва мураббийлари бундан буён ҳам Президентимиз томонидан таълим ва тарбия соҳасига қаратилаётган юксак эътибордан куч олиб, ўзларининг бой билим ва тажрибаси, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан туманимиз ёшларининг улкан марраларни забт этишига муносиб ҳисса қўшадилар.
Фурсатдан фойдаланиб, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, техникумлар, ўқув марказлари, спорт мактаби, Маданият марказлари ва болалар мусиқа ҳамда санъат мактабларида, умуман, таълим-тарбия ва ёшлар билан ишлашнинг барча йўналишларида меҳнат қилаётган фидойи ҳамда заҳматкаш устоз ва мураббийларни яна бир бор 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, бахт-саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Қалбингиздаги эзгулик, кўзингиздаги қувонч ва юзингиздаги табассум ҳеч қачон аримасин!
Юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва келажак авлод камоли йўлидаги эзгу фаолиятингизда доимо омад ва зафар ёр бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!
Ҳурмат билан,
Ғуломов Файзулло Қурбонович
Миришкор тумани ҳоким
